Жанубий Корея Президенти АҚШдан Шимолий Кореяга санкцияларни юмшатишни сўради
Олам
−
08:40 1256 2 дақиқа
Жанубий Корея Президенти Ли Чжэ Мён АҚШни Шимолий Корея ядровий дастурларини музлатиши эвазига Пхеньянга нисбатан санкцияларни юмшатишга чақирди. Бу ҳақда “The New York Times” хабар берди.
“Мен санкциялар – улар унчалик самарали эмас – эвазига қўшимча ядровий қуроллар ва қитъалараро баллистик ракеталар технологиясини ривожлантиришни тўхтатиш ўртасида келишувга эришишда катта қиймат бор, деб ҳисоблайман”, деган Ли нашрга берган интервьюсида.
Жанубий Корея Президентининг таъкидлашича, ҳозирги шароитда денуклеаризацияга эришишга уриниш ҳеч қандай натижа бермайди. Унинг фикрича, аввал Шимолий Кореянинг ядровий дастурини музлатиш бўйича келишувга эришиш, кейин эса ўзаро рағбат ва ён беришлар орқали ишончни шакллантириш ва охир-оқибат Пхеньянни ядровий арсеналини қисқартиришга кўндириш мумкин.
Ли ҳозирги босиқ ҳолат давом этиши жуда хавфли эканини айтган. У Жанубий Корея баҳоларига кўра, Шимолий Корея ҳар йили қўшимча 10–20 та ядровий қурол ишлаб чиқариш имкониятига эга ёки аллақачон шундай қуроллар ишлаб чиқараётган бўлиши мумкинлигини билдирган.
“У етарлича ядровий қурол ва ракеталар тўплаб, шу орқали ўз хавфсизлигини кафолатлаганига ишонч ҳосил қилгач, пул ишлаш учун уларни экспорт қилишга васвасага тушиши мумкин. Бу ҳақиқатан ҳам хавфли палла бўлади”, деган Жанубий Корея раҳбари.
Жанубий Корея расмийлари Шимолий Кореяга нисбатан сиёсатни ўзгартираётганини, “аввал денуклеаризация” ёндашуви ўрнига “аввал тинчлик” тамойилига ўтаётганини билдирган. Ли ўтган йили Пхеньян тизимини ҳурмат қилишини ва Шимолий Корея билан тинч-тотув яшашга интилишини маълум қилган эди.
Бироқ икки Корея ўртасидаги муносабатлар ҳамон кескинлигича қолмоқда. Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин Пхеньяннинг Кореяларни бирлаштириш сиёсатидан воз кечган, Жанубий Кореяни “энг душманона давлат” деб атаган ва чегарадаги мудофаа салоҳиятини кучайтиришга кўрсатма берган.
АҚШ Президенти Дональд Трамп Ким Чен Ин билан янги учрашув ўтказишга интилмоқда. Жанубий Корея Президенти эса бундай музокаралар ўтказилишини хоҳлашини билдирган.
Қайд этилишича, Ли шу ҳафта БМТ Бош Ассамблеяси доирасида Корея яриморолида тинчлик ва тинч-тотув яшаш бўйича ўз қарашларини тақдим этишни режалаштирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шимолий Корея АҚШнинг мамлакатни ядровий қуролсизлантириш ҳақидаги чақириқларини рад этиб, ядровий қуролларини сақлаб қолиши ва ядровий салоҳиятини кучайтиришда давом этишини маълум қилганди.
Live
БарчасиПутин Тўқаев билан ҳам телефонлашди
21 сентябр
Қашқадарёда 2300 йиллик оссуарий топилди
21 сентябр