Жанубий Корея АҚШга 500 мингта артиллерия снарядини “ижара”га беради
Олам
−
12 Апрель 2023
4841Жанубий Корея АҚШга 500 минг дона 155 миллиметрли артиллерия снарядини бериш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда "Reuters" хабар берди.
Қайд этилишича, Жанубий Кореядан артиллерия снарядларининг қарзга олиниши АҚШнинг Украинани ўқ-дорилар билан таъминлашдаги имкониятини яхшилайди.
Жанубий Корея нашрларининг ёзишича, мамлакат Украина можаросида Корея снарядларидан фойдаланиш эҳтимолини камайтириш учун ўқ-дориларни сотиш ўрнига қарзга беришга қарор қилган.
Ушбу ҳисобот яқинда Пентагоннинг махфий ҳужжатлари интернетга сиздирилгани фонида берилди. Ўша ҳужжатда коллектив Ғарбнинг Украинага ёрдам кўрсатиш бўйича Жанубий Кореяга босим ўтказишдаги мураккабликларига урғу берилган.
АҚШнинг асосий иттифоқчиси ва артиллерия ўқ-дориларининг йирик ишлаб чиқарувчиси бўлган Жанубий Корея Шимолий Кореядан келаётган ядровий таҳдидлар кучайиб бораётган бир пайтда ўзининг хавфсизлик ҳолатига асосланиб, Украинани ҳалокатли қуроллар билан таъминлай олмаслигини айтмоқда. Келишувга кўра "ижара"га берилаётган снарядлар эса биринчи навбатда АҚШнинг ички захираларини тўлдиришда ишлатилиши белгиланган.
Ушбу келишув бўйича музокаралар ўтказилаётгани ҳар икки давлат ҳукуматлари томонидан тасдиқланганига қарамай, унинг якунлангани хусусида маълумот берилмаган. Жанубий Корея Ташқи ишлар вазири Пак Жин бу бўйича ҳеч нарса дея олмаслигини айтган бўлсада, мамлакатнинг Украинага ҳалокатли ёрдам кўрсатишга қарши позицияси ўзгаришсиз қолганини қўшимча қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Украинадаги снарядларнинг кунлик сарфини ҳисоблаб чиқиб, бу Ғарб давлатларида уларни ишлаб чиқариш даражасидан ошиб кетгани ҳақида айтганди. Шунингдек, Пентагоннинг оммавий ахборот воситаларида тарқалиб кетган махфий ҳужжатларида шу йилнинг май ойига келиб Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг снарядлари тугаши ва бу мамлакатни Россиянинг ҳаво ҳужумлари олдида ожиз қолдириши мукинлиги айтилганди.
LiveБарчаси