Жаҳон чемпионатидан четлатилган голландиялик ҳакам вафот этди
Спорт
−
14 июл 5624 1 дақиқа
Голландиялик ҳакам Роб Диперинк 2026 йилги Жаҳон чемпионатидан четлатилганидан бир неча ҳафта ўтиб вафот этди. Бу ҳақда ED нашри хабар берди.
38 ёшли ҳакамнинг ўлими сабаби ҳозирча ошкор қилинмаган. Ҳолат юзасидан полиция томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Диперинк 2026 йилги Жаҳон чемпионатида видео ёрдамчи ҳакам (VAR) сифатида фаолият юритиши режалаштирилган эди. Бироқ турнир бошланишидан бир ой аввал у FIFA томонидан расмийлар рўйхатидан чиқарилди. Бунга унинг апрель ойида вояга етмаган шахсга нисбатан жинсий тажовуз қилганликда гумон қилиниб ҳибсга олингани сабаб бўлган.
Кейинчалик Лондон полицияси тергов давомида ҳакамнинг айбини исботлай олмади ва жиноят ишини тугатди. Шунга қарамай, FIFA Жаҳон чемпионатида фақат бенуқсон обрўга эга расмийлар ишлаши кераклигини инобатга олиб, Диперинкни турнирга таклиф этилган ҳакамлар рўйхатидан чиқариб ташлади.
Маълумот учун, Роб Диперинк 2017 йилдан буён Нидерландия чемпионати ўйинларида ҳакамлик қилиб келган. Кейинчалик у халқаро тоифадаги VAR ҳаками мақомини олди. У, жумладан, 2024 йилги Европа чемпионатининг бир нечта учрашувларида ҳам видео ёрдамчи ҳакам сифатида фаолият юритган.
Live
Барчаси