Ўзбекистон Жаҳон банкидан 800 млн доллар қарз олди
Жамият
−
17 Октябрь 4493 4 дақиқа
Жаҳон банки ижрочи директорлар кенгаши Ўзбекистонда камбағалликни қисқартиришда давом этиш, иш ўринларини яратиш, хусусий секторни ривожлантириш ва мамлакат иқтисодиётининг стратегик муҳим тармоқларида рақобатни кучайтиришга қаратилган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун имтиёзли кредитлар кўринишидаги 800 млн долларлик молиявий пакетни ажратишни маъқуллади. Бу ҳақда Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси хабар берди.
Қайд этилишича, Жаҳон банки томонидан ушбу операция доирасида қўллаб-қувватланаётган давлат сиёсати чоралари кам таъминланган уй хўжаликлари учун энергия тарифлари оширилиши оқибатларини юмшатиш, аёлларни иш жойидаги тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, аҳолининг заиф қатламларининг ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, телекоммуникация, қишлоқ хўжалиги ва энергетика соҳаларида рақобатни кучайтириш, шунингдек, Ўзбекистоннинг халқаро савдосини кенгайтиришга йўналтирилган.
Юқорида қайд этилган ислоҳотларни амалга ошириш учун Жаҳон банки 800 млн доллар миқдорида имтиёзли кредитлар ажратади. Ушбу маблағлар ҳукуматга узоқ муддатли қайтариш шартлари асосида паст фоиз ставкалари билан тақдим этилади. Бундай кредитлаш шартлари халқаро молия бозорларидагига қараганда анча фойдали бўлиб, бу орқали Ўзбекистон қарз бўйича хизмат кўрсатиш харажатларини қисқартириши ва тежалган бюджет маблағларини устувор ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишга йўналтириши мумкин бўлади.
Жаҳон банкининг қўллаб-қувватлаши ҳукуматга турли стратегик муҳим соҳаларда давлат сиёсатининг шошилинч чораларини амалга оширишда ёрдам беради, жумладан:
• Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш: Электр энергияси, иссиқлик таъминоти ва газ тарифларининг ўсганлигини компенсация қилиш учун кам таъминланган оилаларга бир марталик йиллик моддий ёрдам пулларини 270 минг сўмдан 1 миллион сўмга ошириш;
• Аёллар учун иқтисодий имкониятларни ошириш: Аёлларни иш жойидаги жинсий зўравонлик ва тазйиқдан ҳимоя қилишга қаратилган меъёрий-ҳуқуқий база ва механизмларни ривожлантириш, иш берувчиларга ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, иш ҳақини камайтириш ёки ишдан бўшатишни тақиқлаш;
• Ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш: Аккредитациядан ўтган хусусий ва нодавлат етказиб берувчи ташкилотлар орқали аҳолининг заиф қатламларига ижтимоий хизматлар кўрсатиш бозорини ривожлантириш учун шароит яратиш;
• Давлат корхоналарини ислоҳ қилиш: Давлат корхоналарини самарали бошқариш ва хусусийлаштириш учун Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармасини ташкил этиш, кенг полосали интернет ва мобил алоқа бозорларида давлат компанияларининг устунлигини чеклаш мақсадида мустақил телекоммуникация регуляторини шакллантириш ва хусусий инвестицияларни жалб қилиш;
• Қишлоқ хўжалиги: Маҳаллий қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини хавф-хатарлардан суғурталаш тизимини жорий этиш, пахтачилик соҳасидаги ислоҳотларни давом эттириш, хусусан, пахта нархларини белгилашнинг мослашувчан механизмини жорий қилиш ва тўқимачилик корхоналарига пахтани тўғридан тўғри фермер хўжаликларидан сотиб олиш имкониятини яратиш;
• Ташқи савдони либераллаштириш: Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини жадаллаштириш ва экспорт тартибини соддалаштириш, айрим турдаги товарлар экспорти учун рухсатномаларни бекор қилиш орқали халқаро савдони кенгайтириш, энергетика, нефть-газ, кимё, қишлоқ хўжалиги ва бошқа тармоқларда айрим компанияларга берилган эксклюзив ҳуқуқларни бекор қилиш;
• Энергетика сектори: Хусусий инвесторлар иштирокини кенгайтириш, электр энергиясини тақсимлаш бозорини очиш ва мустақил қайта тикланадиган энергия ишлаб чиқарувчиларга электр энергиясини тўғридан тўғри истеъмолчиларга сотиш ҳуқуқини бериш;
• Энергия самарадорлигини ошириш: Энергия сарфи юқори бўлган тармоқларда иссиқхона газлари чиқиндиларини қисқартириш ва энергия самарадорлигини ошириш учун қўшимча рағбатлар жорий этиш, энергия тежамкор лойиҳаларга хусусий инвестицияларни жалб қилишга қаратилган Энергия самарадорлиги миллий агентлигини ташкил этиш, қуёш энергетикасини ривожлантириш ва биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш;
• “Яшил” давлат харидлари: Бюджет маблағларидан фойдаланишда экологик тоза товарлар ва хизматларни харид қилишга устуворлик бериш учун давлат харидлари тизимига экологик мезонларни жорий этиш.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 17 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Наманган шаҳрида Жаҳон банкининг глобал директори Луис Фелипе Лопес-Кальвани қабул қилганди.
Live
Барчаси