Жаҳон банки Ўзбекистонда бошланғич таълим учун 100 млн доллар ажратади

Жамият

image

Жаҳон банки Ўзбекистонда бошланғич таълим сифатини яхшилаш ва ўқувчиларнинг базавий кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган BILIM дастури учун 100 миллион доллар миқдорида имтиёзли молиялаштиришни маъқуллади. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, лойиҳа Жаҳон банки таркибидаги Халқаро тараққиёт ассоциацияси (ХТА) томонидан молиялаштирилади. Шунингдек, Таълимни молиялаштириш халқаро жамғармаси дастур учун 5 миллион доллар грант ажратади. Дастурнинг умумий қиймати 378 миллион долларни ташкил этади, шундан 273 миллион доллар Ўзбекистон ҳукумати ҳиссасига тўғри келади.

Дастур Хоразм, Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро, Навоий вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилади. Ушбу ҳудудларда мамлакат мактабларининг қарийб 45 фоизи жойлашган бўлиб, таълим сифати ва мактаб инфратузилмаси билан боғлиқ муаммолар энг долзарб ҳисобланиши қайд этилган.

2030 йилгача амалга ошириладиган BILIM дастури доирасида 50 минг нафар бошланғич синф ўқитувчилари ва мактаб раҳбарларининг малакаси оширилади. Шунингдек, янги мактаблар қурилиши ва мавжудларини кенгайтириш ҳисобидан бошланғич синфлар учун 27 мингта янги ўқув ўрни яратилади. Бундан ташқари, таълим тизимида маълумотларга асосланган бошқарувни ривожлантириш, ресурсларни самарали тақсимлаш ҳамда ўқувчиларнинг ўқиш ва математика фанлари бўйича натижаларини яхшилашга қаратилган механизмлар жорий этилиши таъкидланган.

Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Нажи Бенхасинга кўра, бошланғич синфларда ўқувчиларнинг ўқиш, математика ҳамда ижтимоий-ҳиссий кўникмаларини ривожлантириш Ўзбекистоннинг инсон капиталини мустаҳкамлашда муҳим омил ҳисобланади.

“Ушбу кўникмалар болаларга янада мураккаб билим ва малакаларни эгаллашга ёрдам беради ҳамда уларни келажакда тез ўзгараётган меҳнат бозори талабларига тайёрлайди. Инновацион иқтисодиёт учун малакали кадрлар зарур. Халқаро тараққиёт ассоциацияси томонидан молиялаштирилаётган янги БИЛИМ дастури ҳукуматга мактаб ўқувчиларининг асосий кўникмаларини ривожлантиришга сармоя киритишда кўмак беради”, дейди Нажи Бенхасин.

Лойиҳа 1–4-синфларда таҳсил олаётган қарийб 2 миллион нафар ўқувчини қамраб олиши кутилмоқда. Уларнинг ярми қиз болалардан иборат. Жаҳон банки ушбу ташаббус ўқувчиларнинг таълим сифатини ошириш, келгусида муносиб иш топиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда мамлакатнинг узоқ муддатли иқтисодий ривожланишига ҳисса қўшишини қайд этган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жаҳон банки Ижрочи директорлар кенгаши Жаҳон банки таркибига кирувчи Халқаро тараққиёт ассоциациясининг (ХТА) Ўзбекистонга имтиёзли молиялаштириш шаклида 150 млн доллар ажратилишини маъқуллаган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг