Зеленскийнинг “Eurovision 2023”да чиқиш қилиши ман қилинди

Олам

image

“Eurovision 2023” мусиқий танлови ташкилотчилари Украина Президенти Владимир Зеленскийни финалда видеомурожаат билан чиқиш ва 160 миллион томошабинни Россия агрессиясига қарши Киевни қўллаб-қувватлашга чақириш имкониятидан маҳрум қилди. Бу ҳақда кеча, 11 май куни Британиянинг “The Times” газетаси хабар берди.

“Зеленскийнинг “Eurovision” қўшиқ танловида томошабинлар олдида чиқиш сўрови мақтовга лойиқ ниятлардан келиб чиққан бўлсада, афсуски, уни Европа радиоэшиттиришлар иттифоқи (EBU) раҳбарияти қаноатлантира олмайди, чунки бу танлов қоидаларига зиддир”, дейилади EBU матбуот хизмати хабарида.

Мусиқий танлов ташкилотчилари бу халқаро кўнгилочар шоу экани, унда ҳеч қандай сиёсий мақсадлар кўзланмаслигини эслатган. Мазкур тамойил эса танлов доирасида сиёсий ёки шунга ўхшаш баёнотлар беришни тақиқлайди.

Таъкидлаш жоизки, бу йил “Eurovision” қўшиқ танловини олдинги ғолиб Украина миллий жамоат телерадиокомпанияси номидан Британиянинг BBC телерадиокомпанияси Ливерпулда ўтказмоқда. Шу билан бирга, BBC компанияси Украина мусиқаси, маданияти ва ижоди тадбирдан ҳар учала жонли эфирда ёрқин намоён бўлишини кафолатлаган. Камида 11 нафар украиналик санъаткорлар, жумладан, ўтган йилги ғолиблар Калуш оркестри ярим финал ва финалда чиқиш қилади ёки иштирок этади. Тадбир дизайни ҳам Украина дизайн агентлиги билан биргаликда ишлаб чиқилган. Шоуда янграйдиган композициялар украиналик мусиқачилар билан ҳамкорликда ёзилган.

Бундан ташқари, Украинанинг 37 жойидан олинган кадрлар санъаткорларнинг саҳнага чиқиши олдидан қисқа видеоларда тақдим этилган.

“Биз бу Украинанинг “Eurovision”даги ғалабасини намойиш қилиш ва нишонлашнинг энг яхши йўли, деб ҳисоблаймиз ҳамда мусиқа бизни ҳозирги оғир дамларда бирлаштириб туришини кўрсатмоқда”, дейди Европа телерадиоэшиттириш иттифоқи.

Украина Президенти идораси эса “The Times” маълумотларини ҳақиқатга тўғри келмаслигини таъкидламоқда. 

“The Times” маълумотлари ҳақиқатга тўғри келмайди. Украина Президентининг девони “Eurovision” қўшиқ танлови ташкилотчиларига Владимир Зеленскийнинг танловнинг финал ёки бошқа босқичида онлайн чиқиш қилиши таклифи билан мурожаат қилгани йўқ”, деб ёзган Украина Президенти Матбуот котиби Сергей Никифоров Facebook’даги саҳифасида.

Маълумот учун, Зеленскийнинг "Оскар" ва "Торонто" халқаро кинофестивалида иштирок этиш ҳақидаги илтимоси ҳам икки марта рад этилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Украина Зеленский

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг