Зеленскийдан Путинга “салом”. Россия девори дарз кетди
Таҳлил
−
12 Август
23478900 кун. Замонавий дунёда бир уруш ва унинг давом этиши учун жуда узоқ муддат. Бу Россия Украинага бостириб кириш санасининг кичик юбилейидир. Аммо мазкур юбилейни нишонлаш русларга эмас, балки босқиндан жуда узоқ вақтдан буён азобланиб келаётган украинларга насиб қилди. Гап шундаки, ортда қолган кунларда Киев уруш бошидан то бугунгача бўлган даврдаги энг жиддий ва иродали қарорга қўл урди. Украина ҳарбийлари Россия чегарасини бузиб, мамлакат ҳудудига қарши ҳужум уюштирди ва Россия бошлаган ҳужумни ўзининг ҳудудига ирғитиб юборди. Яқин ва узоқ ўтмишда сўнгги бор бундай ишни Наполеон Бонапарт ва Адольф Гитлер амалга оширганди. Энди эса рус босқинидан 2.5 йилдан буён азият чекиб келаётган Украина. Тарихий қарор кетидан нишонга олинган ҳудуд эса Россиянинг Курск вилоятидир.
Қулаган чегара девори
6 августга ўтар кечаси Украина Россиянинг Курск вилоятини ўққа тута бошлади. Stryker зирҳли транспорт воситалари Украина Қуролли Кучлари учун йўлни тозалади ва ҳарбийлар Курск вилоятининг Суджа шаҳри яқинидаги чегарани кесиб ўтди. Украина Қуролли кучларининг учта танки Гончаровка аҳоли пункти ва Куриловка қишлоғи йўналишида олдинга силжиб борди. Украина кучлари Олешня ва Николаево-Дарьино чегарачиларига ҳужум қилган. Украинанинг кутилмаган бу зарбасига қарши Россия ўзининг Аэрокосмик ва Федерал Хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари билан кураш олиб борди. Қўшимчасига эса Украинанинг Суми вилоятига ҳаво зарбалари ҳам берилган. Илк соатлардаги тўқнашувда россиялик ҳарбий хизматчилар, жумладан, муддатли ҳарбий хизматчилар асирга олинган. Аммо бу фақатгина 6 августда содир бўлган воқеа-ҳодисалар эди, холос. Ҳужумнинг иккинчи кунида Украина қўшинлари Курск вилоятида мустаҳкам ўрнашиб олишга улгурди. Улар муддатли ҳарбий хизматчилар турган Николаево-Дарьино, Дарьино ва Свердликовони эгаллаб олди. Маълумотларга кўра, Украина Қуролли кучлари захираларни мазкур ҳудудларга ўтказиб, бир кечада иккита янги батальонни жангга ташлаган. 7 август куни охирлаб қолганда Россия Курск вилоятининг 350 км² лик ҳудуди устидан назоратни бутунлай йўқотгани ҳақида хабарлар тарқалди. Украина Қуролли кучлари Горнал ва Куриловка аҳоли пунктларини, шимоли-ғарбий йўналишда эса Леонидово ва Любимовкани, шунингдек, Зелёный Шлях қишлоғини ҳам эгаллаб олди. Шу куни украиналик ҳарбийлар ҳужумнинг энг асосий ўчоғи – Суджа шаҳарчасига кирди. Шаҳар мери аҳоли эвакуация қилинишини эълон қилди. Украина Қуролли кучлари Суджа газ ўлчаш станциясини эгаллаб, бошқа бир туман маркази – Коренево шаҳрига ҳам кириб борди. Россия ва Украина урушидаги 2024 йилнинг 7 августи мана шундай якунланди. Украинлар 2 кун ичида Россия ҳудудида жуда мустаҳкам ўрнашди. Эртаси куни тонгда эса украиналиклар Суджанинг ғарбий қисми ва унинг атрофидаги йўлларни назорат остига олишни бошлади. Йўлида равон ва жуда тез одимлаган Украина кичик армиясининг алоҳида гуруҳлари Ивнитса ва Анастасьевка аҳоли пунктларига ҳам етиб келди. Бу эса уларнинг Қуролли кучлар чегарасидан 23-26 км масофагача ёриб кирганини англатарди. 80 йилдан буён чегарасини бирорта бегона давлат ҳарбийси кесиб ўтмаган Россия эса ҳужумга қуйидагича жавоб берди.
8 август куни Африка қитъасида сарсон бўлиб юрган “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси бўлинмалари Малидан қайтиши ва Курск вилоятига кўчирилаётгани маълум бўлди. Минтақага “Пятнашка” халқаро бригадаси ҳам етиб келди. Бироқ 9 августда русларнинг мудофаа кучлари даҳшатли воқеа билан юзлашди. Шу куни кечки пайт Курск вилоятининг Рилский туманидаги Октябрское қишлоғида рус техникасининг жуда йирик колоннаси йўқ қилинди. Пиёда аскарларни олиб кетаётган камида 14 та КамАЗ ва Урал ҳарбий машиналари ҳужумга учради. Украина Қуролли кучлари Американинг HIMARS ракеталари билан ҳужум қилгани тахмин қилинди. Хавфсизлик кучларига яқин бўлган каналларнинг хабар беришича, Россия Федерал хавфсизлик хизмати вайрон бўлган карвонни видеога олган қишлоқ фуқаросини қўлга олган ва уни Украина фойдасига жосусликда айблаган. Куннинг иккинчи ярмида Мудофаа вазирлиги бошқа бир ҳарбий карвонни Белгород вилоятидан Суджанск вилоятига ўтказиш тўғрисидаги ҳисоботни эълон қилди. Таҳлилчилар фотосуратларга асосланиб, Россия қўмондонлиги Харьков вилояти шимолидаги жангларда қатнашган ёки жангга тайёргарлик кўраётган қўшинларни Курск вилоятига ўтказаётганини тахмин қилди. The Insider нашрининг ёзишича, жангларнинг тўртинчи куни якунларига кўра, Украина Қуролли кучлари ҳаракат қиладиган учта тезкор йўналиш аллақачон шаклланган: Коренево орқали Рилскгача; Лгов ва Рйлск – Курск магистралига; Суджанинг шимоли-шарқидаги магистраль бўйлаб Курскгача бўлган йўналишлардир. 4 кун учун ёмон натижа эмас. Россия Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, Россия танклари Украина Қуролли кучларининг минтақага чуқурроқ кириб келишини олдини олиш учун Курск вилоятининг “чегара ҳудуди”га етиб келган. Мудофаа вазирлиги 10 август куни эрталабки ҳисоботида чегарадан 20 км узоқликда Украина Қуролли кучлари борлигини тан олди. Шу куни Россия Қуролли кучлари Суджанинг шарқида жойлашган Мартиновка қишлоғи устидан назоратни тиклашга муваффақ бўлди. Украина қўшинлари эса Коренево учун курашни давом эттирди. Орадан бир кун ўтиб, 11 августнинг дастлабки соатларида Украина Қуролли кучлари Суджанскийнинг жануби-шарқида жойлашган Беловский туманига кириб келди. Беловский туман раҳбари ва губернатор вазифасини бажарувчи масъул ҳам буни тасдиқлаган. У ҳудуддан эвакуация қилинганларга қайтиб келмасликни тавсия қилди. Россия Мудофаа вазирлиги қарши ҳужумнинг илк куни 6 август оқшомида Украина Қуролли кучларининг камида 400 нафар ҳарбий хизматчиси, 11 та танки ва 20 та зирҳли жанговар техникаси Россия-Украина чегарасини кесиб ўтганини маълум қилди. Қарши ҳужумнинг дастлабки кунларида баъзи манбалар Курскда 800 дан ортиқ украин ҳарбийлари жанг олиб бораётганини тахмин қилган бўлса, Forbes’га кўра бу рақам ҳатто 10 минггача бўлиши мумкин. Аммо Киев расмийларининг аниқликдан қочишга ҳаракат қилиб берган баёнотларига ишонадиган бўлсак, Россия ҳудудида айни дамда минглаб ҳарбий ҳаракатланмоқда. Шунингдек, можаро давомида ижтимоий тармоқларда Украинанинг Курскка юборган ҳарбий бўлинмаси орасида грузиялик ва полшалик ёлланма аскарлар ҳарбий ҳаракатларда иштирок этаётгани ҳақида маълумотлар ҳам йўқ эмас.
Сўнгги маълумотларга қараганда, Россиянинг Курск вилоятига келган резервлари Украина тузилмаларининг олдинга силжишини айни дамда маълум даражада тўхтатишга муваффақ бўлган. Аммо Бош қўмондон Герасимов Президент Путинга ҳужум аввалида ҳам шундай мазмундаги ҳисобот тақдим қилган, бироқ кейинчалик вазият буткул бошқача эканлиги маълум бўлганди.
Кремлдан реакция. Киевдан “босиқ” муносабат
Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин расмий Киевнинг чегара ҳудуддаги бу ҳужумини провокация деб атади. У бу масала бўйича ҳужумнинг дастлабки кунларида шошилинч йиғилиш ўтказди ва бош штаб раҳбари Герасимовнинг юпатувчи ёлғонларини тинглади. Урушнинг тўртинчи кунида руслар Украина ҳудудидаги фуқаролик объектларини нишонга олиш йўлига ўтди. Россия армияси Украинанинг Курскга ҳужумига жавобан 9 август куни Донецк вилоятининг Константиновка шаҳридаги супермаркетга ракета зарбаси йўллади. Украина нашрларига кўра, зарба “Экомаркет” дўконига келиб тушган. Зарба оқибатида 9 киши ҳалок бўлган, 26 киши яраланган. Супермаркетдан ташқари, 4 та хусусий уй, 9 та дўкон, автомобиль ювиш шохобчаси, “Нова почта” бўлими, савдо павильонлари ва 12 та автомашина зарар кўрган. Бироқ юқоридаги сонлар Ички ишлар вазирлиги берган рақамлардан фарқ қилади. Вазирликка кўра, ҳужумда 10 киши ҳалок бўлган ва 35 киши яраланган. Курскда эса вазият борган сари чигаллашмоқда. Forbes урушнинг бориши ва кейинги қадамларни рус армиясининг қўшимча кучлари ёки Украина ҳудудидан қайтарилиб Курскка ташланиш имкониятлари билан боғламоқда. Нашрга кўра, Курскка энг яқин чегара чизиғидаги Россия қўшинларининг шимолий гуруҳида 48 мингга яқин ҳарбий мавжуд, аммо улар айни пайтда Курскдаги жанг ҳудудидан тахминан 150 км узоқликда жойлашган. Бироқ захиралар масаласида жиддий қийинчиликлар йўқдек назаримизда. Сабаби айни дамда Курскдаги қайноқ фронтда Россия таркибида Қодировнинг “Ахмат” жангчилари борлиги тасдиқланди. Украина ҳужумидан сўнг Чеченистон бўлинмаси дарҳол Курскда ҳозир бўлган. Автономия етакчиси Рамзан Қодиров ўз аскарлари ҳозирда фронтда эканлиги ва 2-3 кунда яхши хабар бўлишини ваъда берди.
Аммо ортда қолган кунлардаги реал вазият ва Киев расмийларининг дадиллиги Қодировнинг Россия учун “яхши хабар” ҳақидаги умидини пучга чиқарадигандек таассурот уйғотмоқда. Россия чегарасини ёриб ўтиш ва у ердаги ҳудудларни бирин-кетин эгаллаш фонида Расмий Киев ўз риторикасини босқичма-босқич ўзгартириб борди. Дастлаб Курскда содир бўлаётган воқеаларга изоҳ бермай келаётган Президент Владимир Зеленский бу сукунатни 8 августда қисман бузиб, кечки мурожаатида мазкур ҳудуддаги жанглар ҳақида оғиз жуфтлади. Унинг сўзларига кўра, Россия шу чоққача Украинага нисбатан қилган зўравонликларининг оғриғини энди ўз танасида ҳис қилади.
“Россия бизнинг еримизга уруш олиб келиб, нима қилганини ҳис қилиши керак. Мен Украина позицияларини ҳимоя қилишни ва мудофаа вазифаларимизнинг бажарилишини таъминлайдиган ҳар бир жангчи, аскар ва қўмондондан миннатдорман. Украиналиклар ўз мақсадларига қандай эришишни билишади”, дейди Зеленский.
Зеленскийнинг ушбу мурожаатидан икки кун ўтиб, 10 августдаги чиқиши эса вазиятни янада очиқлади. Шу куни Владимир Зеленский биринчи марта ҳужумни тўғридан тўғри тан олди ва Украина урушни “босқинчи ҳудудига” итариб юбораётганини айтди. У Украина Бош қўмондони Александр Сирскийдан “урушнинг тажовузкор ҳудудга ўтказилиши” ҳақида ҳисобот олганини маълум қилди. Украина етакчисининг сўзларига кўра, бундай ҳаракатлар Киевнинг “адолатни тиклаш” ва Россияга керакли босим ўтказиш қобилиятини исботлайди. У Украина жангчиларига яна бир бор миннатдорчилик билдириб, Россиядаги операцияни мамлакат олий ҳарбий қўмондони генерал Александр Сирский билан муҳокама қилганини айтди. Бироқ Зеленский Украина Қуролли кучлари бўлинмаларининг Курск вилоятидаги ҳозирги ҳолати ва Украина ҳарбийларининг кейинги режалари ҳақида ҳеч қандай маълумот бермади. Украинанинг турли доиралардаги расмийлари бу ҳужумнинг жуда муҳим эканлиги ва мазкур ҳаракат урушнинг якуни учун ҳал қилувчи аҳамият касб этишини таъкидламоқда.
“Биз ҳужумдамиз. Мақсад – душманни максимал йўқотишларга дучор этиш ва Россияда вазиятни беқарорлаштириш, чунки у ўз чегарасини ҳимоя қила олмаяпти”, деди исмини ошкор қилмаслик шарти билан расмий.
Хусусан, Олий Рада депутати Олексей Гончаренконинг сўзларига кўра, Курскга қилинган ҳужум Украинанинг юзта тинчлик саммитидан кўра тезроқ тинчликка эришишига ёрдам беради.
Россия чегарасини ёришдан мақсад
Курск вилоятига қилинган ҳужумни таҳлилчилар турлича талқин қилмоқда. Ҳар бир сиёсий эксперт бу ҳужумдан Украина қандай мақсадни кўзлагани ҳақида ўз версияларини тақдим қиляпти. Таҳлилларга кўра ҳозирда асосий 5 та мақсадни ажратиб кўрсатиш мумкин. Булар, тинчлик музокаралари учун позицияни яхшилаш, Россияни Донбасс ва бошқа фронтлардан чалғитиш, Суджадаги Европага газ етказиб бериш станциясини йўқ қилиш, аскарларнинг руҳий ҳолатини яхшилаш ва Трамп омили каби версиялардир.
Сўнгги пайтларда Россиянинг Донбассдаги ҳаракатлари ва фронтда дадил тарзда олдинга силжишининг гувоҳи бўлаётгандик. Бу ўринда эса Курскда расмий Киев томонидан янги фронт очилишини Россия қўмондонлиги эътиборини Донбассдан чалғитишга ва Россия Қуролли кучларининг Авдеевка ғарбидаги олдинга силжишини секинлаштиришга уриниши сифатида баҳолаш маълум маънода ҳақиқатга яқин. Кўплаб таҳлилчилар айни шундай фикрни илгари суряпти. Улар Курск ҳужуми Россия кучларини Украина шарқидан узоқлаштиришга мажбурлаш ва Украина мудофаасидаги босимни юмшатишга қаратилган ҳаракатнинг бир қисми эканлигини такрорлашмоқда. Аммо украиналик расмийлар буни рад этди. Мулозимларнинг сўзларига кўра, Россиянинг Украина шарқидаги ҳужумлари Курск воқеаси содир бўлмасдан олдин ҳам анча сустлашган.
Кейинги тахмин эса бевосита руҳий устунлик билан боғлиқ. Лоуи институти тадқиқот гуруҳи тадқиқотчиси Мик Раянга кўра, Украина Қуролли кучларининг Курск вилояти ҳудудига бостириб киришидан мақсад украиналикларнинг шижоатини оширишдир. CNN’нинг фикрича, Курск вилоятидаги муваффақиятли рейд Украина қўмондонлигига фронтлардаги қийинчиликлар шароитида ҳарбийлар ва тинч аҳолининг руҳий ҳолатини сақлаб қолишга ёрдам бериши мумкин.
Оммавий ахборот воситаларида операциянинг мумкин бўлган мақсадлари орасида Россиядан Европага газ экспорт қилинадиган ягона қувурнинг бир қисми бўлган Суджа газ ўлчаш станциясини йўқ қилиш бўлиши мумкин. Бундай тушунарсиз ва асоссиз тахмин Washington Post нашри томонидан илгари сурилди. Бироқ операциянинг бундай мақсади бироз ғалати, чунки бу қувурнинг катта қисми Россия қўшинлари томонидан назорат қилинмайдиган Украина ҳудудидан ўтади. Киев эса исталган вақтда уни блокировка қилиш учун техник имкониятларга эга. Бундай ишни амалга ошириш учун украиналиклар Суджага бостириб кириши шарт эмас. Бундан ташқари, ўз ҳамкорларини газ билан таъминлайдиган томирни узиш ва уларнинг қаҳрига учраш Киев учун яхши ўйланган режа бўлмайди.
Кейинги омил эса бу – Трамп. 2022 йилдан буён Шарқий Европадаги можарода Украинанинг урушни тугатиш ва унда ғалабага эришиши учун аниқ чегараланган муддат мавжуд эмас эди. Аммо бугун ана шундай вақт лимити шаклланиш эҳтимоли пайдо бўлди. Бу 2025 йилнинг 20 январи. Гап АҚШдаги президентлик сайлови ва унинг эҳтимолий натижалари ҳақида кетяпти.Собиқ АҚШ Президентининг сайловолди компаниясидаги олдинга силжиши Украина расмий доиралари учун жиддий муаммо туғдирди. Республикачилар ва уларнинг номзоди Дональд Трамп Россиянинг Украинадаги босқинига нисбатан Киевга ёқадиган позицияда эмас. Молиявий ёрдамлар, ҳарбий қўллов ва бошқа кўмаклар бўйича Зеленский катта эҳтимол билан Трампдан ўзи хоҳлаган нарсани ола олмайди. Буни ҳатто Трамп томонидан вице-президентлик учун танланган Ж.Д Венс ҳам турли кўринишларда тасдиқлаб келмоқда. Украина учун ажратилиши керак бўлган жуда йирик ҳарбий ёрдам пакети эса мана 6 ойдирки Республикачиларнинг блокировкаси остида. Шундай экан, Курскка ҳужум АҚШдаги сайлов натижаси олдидан Украина томонидан қилинаётган тайёргарлик бўлиши ва агарда Трамп Оқ уйга қайтадиган бўлса, ўша кунгача бўлган муддат ичида тинчликка эришиш учун ташланган қадам бўлиши мумкин.
Украина сиёсий раҳбарлари, хусусан Зеленский Курск фронтининг очилиши фақат ва фақат тинчлик учун ташланган қадам эканлигини таъкидлаяпти. Унинг маълум қилишича, бу ҳужум Россияни тезроқ музокара столига ўтказиш ва тинчликка эришиш учун ёрдам беради. Зеленский кейинчалик ўтказилиши мумкин бўлган тинчлик саммити олдидан, Украина ўз позициясини мустаҳкамлаши ва бунинг учун унда яхшигина асос мавжуд бўлиши лозимлигини айтди. Кўп эҳтимол билан Курскдаги муваффақият улар учун шундай асос бўлиб хизмат қилиши мумкин.