Даҳанаки жанг. Кўрарга кўзи, отарга ўқи йўқ Лавров ва Зеленский бир столда тўқнаш келди
Олам
−
21 Сентябрь 2023
34727Кеча, 20 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги штаб-квартирасида Украина атрофидаги вазият бўйича Хавфсизлик кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди. Мазкур тадбир баҳс-мунозараларга бой бўлди. Чунки унда Украина Президенти Владимир Зеленский ва Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров нутқ сўзлади. Йиғилиш БМТнинг расмий веб-сайтида трансляция қилинди.
Хавфсизлик Кенгаши йиғилиши бошида Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя халқаро ташкилот бош котиби Антониу Гутерришдан кейин биринчи бўлиб Владимир Зеленский нутқ сўзлашига қарши чиқди. Россиялик дипломат Хавфсизлик кенгаши йиғилишига раислик қилаётган Албания Бош вазири Эди Рамага Украина Хавфсизлик Кенгашига аъзо эмаслиги, Зеленский олдин гапириш учун бу ҳуқуққа эга бўлиши кераклигини эслатди. Небензя Шимолий Македония вакилининг учрашувда иштирок этишига ҳам қарши чиқди.
Россиянинг доимий вакили, агар учрашув шу форматда давом этса, Албаниянинг БМТ Хавфсизлик Кенгашидаги раислигига доғ тушишини таъкидлаган.
“Бугунги учрашув спектаклдан бошқа нарса эмаслиги ҳаммага аён”, деган Небензя.
Шунингдек, у Албания Бош вазирини битта делегациянинг розилиги учун ҳаракат қилганликда айблади.
Рама эса Москванинг эътирозларини рад этган ҳамда нутқлар тартиби олдиндан келишилгани ва тартиб бузилмаганини айтиб ўтган.
“Агар сиз рози бўлсангиз, шундай ечим бор: сиз урушни тўхтатасиз ва Президент Зеленский умуман гапирмайди”, деган Хавфсизлик кенгаши йиғилишига раислик қилаётган Албания Бош вазири.
Баҳсдан сўнг йиғилиш давом этди. Гутерришдан кейин сўз украин тилида гапирган Зеленскийга берилди. У БМТ боши берк кўчага кириб қолгани ва инсоният энди унга умид боғлай олмаслигини айтди.
Шу муносабат билан сиёсатчи ташкилот доирасида вето ҳуқуқини ислоҳ қилишга чақирди ҳамда Япония, Германия, Ҳиндистон ва Африка давлатларига БМТ Хавфсизлик Кенгашига доимий аъзолик беришни таклиф қилди. Шунингдек, у БМТ Низомини бузган ва бошқа давлатларга нисбатан тажовузкор ҳаракатларни амалга оширган мамлакатларнинг аъзолигини тўхтатишни таклиф қилди.
Унинг фикрича, Бош Ассамблеяга Хавфсизлик Кенгаши доимий аъзоларининг вето қўйиш ҳуқуқини бекор қилиш керак.
“Вето БМТ Бош Ассамблеясида вакиллик қилган мамлакатларнинг учдан икки қисми овози билан енгиб ўтилиши керак. Бош Ассамблеянинг бундай резолюцияси барча аъзо давлатлар томонидан бажарилиши учун мажбурий бўлиши керак", деди Зеленский.
Бундан ташқари, Зеленский Украинадаги можарога барҳам бериш бўйича икки банддан иборат тинчлик режасини эълон қилди. Бу режага қуйидагилар киради:
- барча рус қўшинлари ва ҳарбий тузилмаларини, шу жумладан Қора денгиз флотини 1991 йил чегаралари доирасида Украинанинг бутун ҳудудидан тўлиқ олиб чиқиш;
- Украинага бутун давлат чегараси ҳамда Қора ва Азов денгизларидаги, шунингдек Керч бўғозидаги эксклюзив иқтисодий зона устидан назоратни тўлиқ қайтариш.
“Ушбу икки банднинг амалга оширилишигина ҳалол, ишончли ва тўлиқ ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга олиб келади”, деб таъкидлади Президент.
Зеленский ўз нутқини “Украинага шон-шараф” ибораси билан якунлади. Ундан кейин Албания Бош вазири сўзга чиқди. Раманинг нутқи якунига етгач, Зеленский Лавровнинг нутқини кутмасдан БМТ Хавфсизлик кенгаши залини тарк этди.
Россия Ташқи ишлар вазири 12-бўлиб нутқ сўзлаган. У Россия музокаралардан бош тортмаганини билдириб, тинчлик жараёнини бошлаш таклифи билан АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкенга мурожаат қилган.
“Муҳтарам Давлат котибига эслатиб ўтмоқчиманки, айнан Президент Зеленский [Владимир] Путин ҳукумати билан музокаралар ўтказишни тақиқловчи фармонни имзолаган. Агар Қўшма Штатлар музокараларга жуда қизиқса, менимча, Зеленскийнинг ушбу фармонини бекор қилиш ҳақида буйруқ бериш қийин бўлмайди”, деган Лавров.
Бундан ташқари, у Ғарбни “Украинанинг қулаши ва у ерда фуқаролар уруши бошланишига” олиб келган Минск келишувларини бузишда айблаган. Вазирнинг қайд этишича, агар НАТО Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг ҳамкорлик бўйича таклифларини рад қилмаганида, бу Европадаги мавжуд инқирознинг олдини олишга имкон берган бўларди.
Россия вазирининг нутқида Блинкендан ташқари Украинанинг БМТдаги доимий вакили Сергей Кислица ҳам иштирок этди.
LiveБарчаси