Зеленский уруш бошланганидан бери илк бор НАТО қароргоҳига борди
Олам
−
11 Октябрь 2023
3815Украина Президенти Владимир Зеленский олдиндан эълон қилинмаган ташриф билан Брюсселга келди. У мамлакатда уруш бошланганидан бери биринчи марта НАТО штаб-квартирасига ташриф буюрди. Бу ҳақда AFP хабар берди.
“НАТО Бош котиби Владимир Зеленскийни альянс штаб-квартирасида қабул қилди”, деб ёзган матбуот котиби Дилан Уайт Х ижтимоий тармоғида.
Билдирилишича, бугун, 11 октябрь куни Столтенберг ва Зеленский матбуотга қўшма баёнот бериши кутилмоқда.
Шунингдек, яқин соатларда Брюсселда альянс Мудофаа вазирларининг йиғилиши очилади. Унинг доирасида Украинага қурол етказиб бериш бўйича алоқа гуруҳининг учрашувлари, шунингдек, Украина-НАТО кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтади.
Кейин Украина Президенти тушлик пайтида Бельгия Бош вазири Александр Де Кро, Мудофаа вазири Людивине Дедондер ва Ташқи ишлар вазири Хажа Лабиб билан учрашади. Улар Украинага гуманитар ва ҳарбий ёрдамни молиялаштириш учун музлатилган Россия маблағларидан солиқ ундириш, Россия олмослари савдосининг олдини олиш учун “Бельгия усули” ва F-16 самолётларини Киевга топшириш каби бир қанча мавзуларни муҳокама қилади.
Бельгия ҳукумати Украинага янги ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилиши кутилмоқда ва у бир нечта F-16 қирувчи самолётларини ўз ичига олиши мумкин.
НАТОнинг учта европалик аъзоси (Нидерландия, Норвегия ва Дания) олтмишта самолётни ваъда қилган. Бироқ Украина фронтда курашиш учун янада кўпроқ самолётларга муҳтожлигини маълум қилган.
Маълумот учун, кеча, 10 октябрь куни Зеленский Руминияга борган. Сафардан сўнг у Молдова ва Руминия орқали ғалла йўлаги ишга туширилганини эълон қилди, бироқ унинг очилиш муддатига аниқлик киритмади.
LiveБарчаси