Зеленский Украина ва Польша ўртасида чегара қолмаслигига ваъда берди
Олам
−
05 Апрель 2023
6408Украина Президенти Владимир Зеленский Польша раҳбари Анжей Дуда билан учрашувда яқин орада икки давлат ўртасида чегара бўлмаслигини айтди. Бу ҳақда “Rada” телеканали хабар берди.
“Қўшнилар учрашуви, иттифоқчилар учрашуви, шериклар учрашуви, дўстлар учрашуви. Келажакда халқларимиз ўртасида сиёсий, иқтисодий ва энг муҳими – тарихий чегаралар бўлмайди”, деган Зеленский Анжей Дуда билан учрашувда.
Президент Дуда эса Зеленскийни Польшанинг энг олий давлат мукофоти – “Оқ бургут” ордени билан тақдирлаган. “Оқ бургут” ордени Польшадаги энг қадимги орденлардан бири бўлиб, 1705 йилда ташкил этилган. 1831 йилда орден Россия империясининг давлат мукофотларига қўшилган. 1992 йилда орден мамлакатнинг олий давлат мукофоти сифатида қайта тикланган.
Таъкидлаш жоизки, Зеленскийнинг мазкур ташрифи Россия босқинидан бери аввалдан эълон қилинган биринчи хорижий сафар бўлган. Польша қуруқликдаги кучлари собиқ қўмондони Вальдемар Шкипчакнинг таъкидлашича, Украина Президентининг ташрифи Россия билан ҳарбий можарони ҳал қилиш бўйича музокараларга эҳтимолий тайёргарлик билан боғлиқ. Польша Президенти идораси Зеленский ва Дуда Украина ғалласини экспорт қилиш масаласини муҳокама қилишини маълум қилган.
Украина Президенти девони раҳбари ўринбосари Игорь Жовква эса Зеленский ташрифининг асосий мавзуси мудофаани қўллаб-қувватлаш бўлишини айтган.
Шунингдек, Украина раҳбари Президент Дуда билан музокаралардан сўнг Варшавадаги Сарой майдонида Полшадаги украиналиклар билан учрашиб, улар олдида катта нутқ сўзлаши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 5 апрель куни Украина Президенти Владимир Зеленский Полшага расмий ташриф билан борган, унга рафиқаси Елена Зеленская ҳамроҳлик қилган эди.
LiveБарчаси