Зеленский Рустам Умаровни янги лавозимга тайинлади

Олам

image

Украинанинг собиқ мудофаа вазири Рустам Умаров Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши (РНБО) котиби этиб тайинланди. Украина Президенти Владимир Зеленский шу тўғрисидаги тегишли фармонни имзолади. 

Самарқандда туғилган Рустам Умаров 2023 йилнинг сентябридан 2025 йилнинг июлигача Украина Мудофаа вазирлигига раҳбарлик қилган. Жорий йилнинг 14 июль куни Президент Зеленский Украина парламенти – Олий Радага, ўша пайтда бош вазир лавозимида фаолият юритаётган Денис Шмигални янги Мудофаа вазири сифатида тайинлашни таклиф қилган. Бош вазирлик лавозимига эса Юлия Свириденко тайинланди.

Илгари Рустам Умаров Украина томонидан АҚШдаги элчилик лавозимига асосий номзод сифатида кўрилаётган эди. Бироқ якуний қарорга кўра, ушбу лавозимга Украина Бош вазири ўринбосари – Адлия вазири бўлган Олга Стефанишина тайинланди.

РБК-Украина нашрининг маълумотларига кўра, Рустам Умаров АҚШдаги элчиликдан кўра Россия билан олиб борилаётган музокараларга эътибор қаратади. У илгари Истанбул форматида ўтказилган музокараларда Украина делегациясига бошчилик қилган эди.

РНБО котиби лавозимида Рустам Умаров Александр Литвиненконинг ўрнини эгаллади. Литвиненко 2023 йил март ойидан буён бу лавозимда ишлаган бўлиб, тайинловдан аввал Украина Ташқи разведка хизматига раҳбарлик қилган.

Маълумот учун, Рустам Умаров 1982 йилда Самарқандда Қрим ярим оролидан келган қрим-татар мусулмонлари оиласида туғилган. Отаси Анвар Умаров технологик муҳандис, онаси Марям Умарова кимё муҳандиси бўлган. Умаровлар оиласи 1944 йил 18 майда совет ҳукумати томонидан қрим-татар халқи билан бирга ўз ватанидан Ўзбекистонга депортация қилинган. 2015 йилда Олий Рада бу депортацияни қрим-татар халқининг геноциди деб тан олган. 1980 йилларнинг охири ва 1990 йилларнинг бошларида Умаровлар оиласи Украинага қайтган.

Репатриация (ватанига қайтгани)дан сўнг, у Қрим гимназиясини “American Future Leaders Exchange” дастури бўйича стипендия билан тамомлаган. Миллий бошқарув академиясида (Украина) иқтисод ва молия бўйича ўқиган.


Мақола муаллифи

Теглар

Украина Зеленский Рустам Умаров Александр Литвиненко РНБО

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг