Зеленский россиялик машҳурларга “запрет” қўйди. Бунга жавобан Киркоров уни мазах қилди
Маданият-санъат
−
09 Январь 2023
23668Украина Президенти Владимир Зеленский 119 нафар таниқли шахсларга тақиқ қўйди. Уларнинг асосий қисми Россия фуқаролари бўлиб, қарор жорий йилнинг 7 январь куни имзоланган ва Украина Президенти сайтида эълон қилинган.
Рўйхатда кўплаб россиялик санъат намояндалари ва эстрада юлдузлари бор. Жумладан:
• хонандалар – Филипп Киркоров, Дима Билан, Сергей Лазарев, Полина Гагарина, Пелагея, Анита Цой, Сергей Жуков, Юлия Савичева;
• актёрлар – Анна Семёнович, Михаил Галустян;
• телебошловчилар – Леонид Якубович, Жанна Бадоева;
• қизиқчи – Евгений Петросян;
• блогер – Амиран Сардаров кабилар бор.
Рўйхатдагиларнинг деярли барчасига 14 банддан иборат тақиқлар бириктирилган бўлиб, уларнинг Украинадаги активларини музлатиш, савдо операцияларини чеклаш, капитални Украинадан ташқарига олиб чиқишнинг олдини олиш, иқтисодий ва молиявий мажбуриятларни тўхтатиб туриш, лицензиялар ва бошқа рухсатномаларни бекор қилиш, ер участкаларига эгалик қилишни тақиқлаш ва Украинанинг давлат мукофотларидан маҳрум қилиш кўзда тутилган.
Владимир Зеленскийнинг қарори эълон қилинганидан сўнг, биринчилардан бўлиб хонанда Филипп Киркоров воқеага ўзининг Instagram саҳифаси орқали муносабат билдирган.
“Санкциялар рўйхатига тушганимдан сўнг барча яқин дўстларим ва танишларимдан табриклар қабул қиляпман. Мистер Зеленский, менинг истеъдодим, машҳурлигим ва аҳамиятга эга эканимни тан олганингиз учун раҳмат. Тарих бундай раҳбарларни кўпини кўрган. Маданият, қўшиқлар, адабиёт худди аввалдагидек, ҳозир уларни бекор қилиб бўлмайди, буни тушуниш ва қабул қилиш керак”, дейди Киркоров.
Шунингдек, Киркоров ўз вақтида актёр бўлган Владимир Зеленскийни 2010 йилда ўзининг видеоклипида ўйнаганига шама қилиб, “ролга киришиб кетди” дея мазах қилган. Хонанда Украина раҳбарини “океан ортидан [АҚШ] келган сценарийга” кўра роль ижро этаётганини ва бу ҳалокатга олиб боришини таъкидлаган.
LiveБарчаси