Зеленский Россия билан музокара ўтказиш шартини айтди

Олам

image

Украина Президенти Владимир Зеленский Москва билан кейинги музокаралар шартларини айтди. Бу ҳақда Зеленский кеча, 10 июль куни Римда Украинани урушдан кейинги қайта тиклаш бўйича 4-халқаро конференция доирасида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

“Биз иккинчи учрашувда томонлар келишиб олган нарсаларни якунлашимиз керак – Истанбулда келишилган алмашинувларни якунлашимиз керак”, деди у.

Маълумки, 2 июнь куни Истанбулда Россия ва Украина вакиллари ўртасида тўғридан тўғри музокараларнинг иккинчи раунди бўлиб ўтганди. Томонлар оғир яраланган аскарлар ва 25 ёшгача бўлган асирларни алмашиш, шунингдек, урушда ҳалок бўлган 6000 нафар ҳарбий хизматчиларнинг жасадини бир-бирига топширишга келишиб олди.

Шундан сўнг, бир қатор ҳарбий асирлар алмашинуви бўлиб ўтди – хусусан, 9, 10, 12, 19 ва 20 июнь кунлари. Шу билан бирга, ўликларнинг жасадларини алмаштириш давом этди. Владимир Зеленскийнинг сўзларига кўра, алмашинувлар яқин орада якунланади.

“Фақат шундан кейингина жамоалар самарали вариантни муҳокама қилиш – етакчилар даражасидаги учрашувни тайёрлашга ўтишлари мумкин бўлади”, деди у.

Зеленский учун энг мақбул формат бу давлат раҳбарлари даражасидаги Украина-Россия-АҚШ форматидир.

“Столда нафақат сўзлар, балки аниқ кафолатлар ҳам эшитилиши керак”, деб таъкидлади у.

Шу билан бирга, Украина Президенти Ватикан, Австрия, Швейцария ва Туркия аллақачон мулоқот учун платформалар тақдим этишни таклиф қилганини эслатди.

Маълумот учун, 10-11 июль кунлари Римда бўлиб ўтган конференцияда 20 дан ортиқ ҳукумат ва 100 дан ортиқ компания вакиллари иштирок этмоқда. Италия Бош вазири Жоржия Мелони аввалроқ форум иштирокчилари Киевга ёрдам бериш учун 10 миллиард евродан ортиқ маблағ ажратиш мажбуриятини олганини маълум қилди.

Киевнинг ҳисоб-китобларига кўра, уч йилдан ортиқ давом этган урушдан сўнг, Украинани 14 йил ичида тиклаш учун 850 миллиард евро керак бўлади. Украина Бош вазири Денис Шмигаль иттифоқчиларни 2026 ва 2027 йиллардаги Украина бюджети тақчиллигини қоплаш учун қўшимча маблағ ажратишга чақирди.

“Ҳарбий харажатлар ҳозирда 100-120 миллиард долларни ташкил этади. Тинчлик даврида ва қурол ишлаб чиқаришни ҳисобга олмаган ҳолда, Украина қўшинларини сақлаш йилига 50 миллиард еврога тушади. Биз Европа Иттифоқи бу миқдорнинг ярмини беришини кутамиз”, деди Шмигаль.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг