Зеленский Россия ҳужум қилаётган Харьковга борди

Олам

image

Украина Президенти Владимир Зеленский кеча, 16 май куни Харьковда Олий бош қўмондонлик штаб-квартирасининг йиғилишини ўтказди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.

Йиғилиш Россиянинг Харьков вилоятидаги ҳужуми фонида юз берди. Жанглар Харьковдан 20 километр узоқликдаги Липци қишлоғидан шимолда кетмоқда. Вилоятнинг шимоли-шарқида, Россия чегарасига яқин Волчанск шаҳрида ҳам кўчада жанглар бўлгани ҳақида хабарлар бор.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, у Украина Қуролли кучлари Бош қўмондони Александр Сирский ва тегишли йўналишлар қўмондонларининг ҳисоботини эшитган.

“Бугунги кунга келиб Харьков вилоятидаги вазият умуман назорат остида. Йўналиш ўта қийинлигича қолмоқда – биз бўлинмаларимизни кучайтирмоқдамиз”, деб ёзган Зеленский.

Украина Қуролли Кучлари Бош штаби 16 май кунги эрталабки ҳисоботида Россия қўшинларининг “Волчанск шаҳрига имкон қадар чуқур кириб бориш” режалари барбод бўлганини маълум қилди. Хабарда айтилишича, шаҳарнинг шимолий қисмида жанглар кетмоқда.

Украина Ички ишлар вазири Игор Клименко Россия ҳарбийлари Волчанск шимолида “тинч аҳолини асирга олаётганини” айтди. Таъкидланишича, қочишга уринган маҳаллий аҳолидан бири отиб ўлдирилган. Шу билан бирга, Клименконинг сўзларига кўра, украиналик полициячилар шаҳарда аҳолининг эвакуация қилинишини таъминлаб, фаолиятини давом эттирмоқда.

Украинанинг DeepState лойиҳаси ўз харитасида Россия ҳарбийлари шаҳарнинг шимолий қисмини, Украина ҳарбийлари эса жанубий қисмини назорат қилишини кўрсатади. Ҳарбий ҳаракатлар шароитида томонларнинг ҳудудий назорат ҳақидаги баёнотларини тезда тасдиқлаш ёки рад этиш имкони йўқ.

Россия қўшинлари томонидан Волчанск ва Харьков вилоятининг бир қатор бошқа ҳудудларини ўққа тутиш 10 май куни кескин кучайди. Шу куни Россия ҳарбийлари ҳужумга ўтиб, қатор ҳудудларда чегарани кесиб ўтди ва Украина ҳудудидаги чегарадош аҳоли пунктларида мустаҳкам ўрнашиб олишга уринди. Ҳужум иккита асосий йўналишда амалга оширилмоқда: Липци томон (бу Харков томон йўналиш) ва Волчанск томон. Ҳужумнинг кўлами, мақсад ва вазифалари ҳали аниқ эмас. Урушни ўрганиш бўйича Америка институтининг таъкидлашича, гап Харьковни эгаллашга уринишдан кўра Белгород вилояти билан чегарада "буфер зона" яратиш ҳақида кетмоқда.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Зеленский "ABC News" телеканалига берган интервьюсида фронтда вазият жиддий экани, Харьковни бой бермаслик учун Украинага иккита Patriot мудофаа тизими кераклигини айтганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Украина Владимир Зеленский Харьков

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг