Зеленский Путинга Донбасснинг уруш бўлаётган жойида учрашишни таклиф қилди
Олам
−
21 Апрель 2021
9288Украина Президенти Владимир Зеленский россиялик ҳамкасби Владимир Путинни Донбассда учрашишга таклиф қилди. Зеленский ўзининг Telegram каналида жойлаштирилган видеомурожаатида тегишли таклиф билан чиққан.
Давлат раҳбари 19 апрель куни бўлиб ўтган Нормандия тўртлиги сиёсий маслаҳатчиларининг учрашувида вазиятни иложи борича кўриш ва тушуниш учун Донбассдаги алоқа линиясида учрашиш таклифи илгари сурилганини таъкидлади.
“Мен нимани тушунишим керак? Ҳамма нарсани мукаммал тушунаман, ҳар ой Донбассга бораман. Жаноб Путин, мен бундан ҳам узоқроққа бориш ва сизни уруш давом этаётган Украинанинг Донбассидаги исталган жойда учрашишга таклиф қиламан”, дейди Зеленский.
Унга кўра, Украина ва Россия ўртасида уруш бўлган тақдирда, миллионлаб одамлар ҳаёти ҳақида гап боради ва охир-оқибат иккала томон ҳам ютқазади. Шунингдек, Украина Президенти “танкда тинчлик ўрнатиш мумкин эмас”, дея қўшимча қилди.
Зеленскийнинг айтишича, Украина ва Россия умумий ўтмишига қарамай, “келажакка бошқача қарашади”.
“Биз бизмиз. Сиз сизсиз. Аммо бу, албатта, муаммо эмас, балки имкониятдир. Ҳеч бўлмаганда келажакдаги ҳарбий йўқотишларнинг ўлик математикасини тўхтатиш учун жуда кеч бўлмасдан имконият”, дея ўз нутқини якунлади Президент.
Донбассдаги вазият
Донбасс минтақаси Украинанинг Донецк ва Луганск ҳамда Россиянинг Ростов вилоятларини ўз ичига олади. Ушбу ҳудудда 2014 йилдан бери ҳарбий ҳаракатлар давом этмоқда. Бунинг оқибатда шу вақтга қадар 13 минг киши ҳалок бўлган.
Конфликт бир томондан Украина Қуролли кучлари, иккинчи томонда икки алоҳида ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган Донецк ва Луганск Халқ Республикалари ўртасида бормоқда. Ушбу икки давлат Украинадаги 2014 йилги сиёсий инқироз вақтида вужудга келган.
Донецк ва Луганск Халқ Республикаларининг иккиси ҳам на Украина ва на жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олинган. Бироқ, хабарларга кўра, уларни Россия қўллаб-қувватламоқда.
Қайта авж олган ҳарбий ҳаракатлар
Жорий йилнинг март ойида Донбассдаги вазият яна кескинлаша бошлади. Бунга Украинанинг НАТОга қўшилиш томон қилган ҳаракатлари сабаб бўлгани айтилмоқда.
Украина ҳам, Россия ҳам ушбу минтақага чегарадош бўлган ўзининг ҳудудига ҳарбий кучларини тўпламоқда. Бундан ташқари, Украина раҳбари Зеленский ҳарбий туташув чизиғига бориб, мудофаанинг энг олди позицияларида хизмат вазифасини ўтаётган ҳарбийлар билан суҳбатда бўлиб, уларга мукофотлар топширган.
Ўз навбатида Россия Украинанинг НАТОга қўшилиши Донбассдаги можарони ҳал қилмаслигини таъкидлаган. Бошқача позиция тутган давлатлар ҳам йўқ эмас. Хусусан, Туркия ва АҚШ Украинанинг ушбу ҳарбий блокка қўшилишини ёқламоқда.
Кейинчалик,Германия канцлери Ангела Меркель, Франция Президенти Эммануэль Макрон ва Украина Президенти Владимир Зеленский Россия қўшинларини Украина чегараларидан олиб чиқишга чақирди.
LiveБарчаси