Макрон ва Меркель Россияга Украина бўйича мурожаат қилди
Олам
−
16 Апрель 2021
8868Германия канцлери Ангела Меркель, Франция Президенти Эммануэль Макрон ва Украина Президенти Владимир Зеленский Россия қўшинларини Украина чегараларидан олиб чиқишга чақирди. Тегишли баёнот Германия раҳбари девони веб-сайтида эълон қилинди.
Маълум қилинишича, видеоконференция Зеленскийнинг Парижга ташрифи доирасида ўтказилган. Томонлар Украинанинг жануби-шарқидаги вазиятни муҳокама қилган ва Россия-Украина чегарасида Россия томонидан ҳарбий таркиб пайдо бўлишидан хавотир билдирган.
“Канцлер ва Франция Президенти Украинанинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашларини билдирди”, дейилади баёнотда.
Маълумот учун, Россия ва Украина, шунингдек Ғарб давлатлари ўртасидаги муносабатларнинг кескинлиги март ойининг охирида Донбассдаги можаронинг авж олиши сабабли кучайди.
Донбассдаги вазият
Донбасс минтақаси Украинанинг Донецк ва Луганск ҳамда Россиянинг Ростов вилоятларини ўз ичига олади. Ушбу ҳудудда 2014 йилдан бери ҳарбий ҳаракатлар давом этмоқда. Бунинг оқибатда шу вақтга қадар 13 минг киши ҳалок бўлган.
Конфликт бир томондан Украина Қуролли кучлари, иккинчи томонда икки алоҳида ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган Донецк ва Луганск Халқ Республикалари ўртасида бормоқда. Ушбу икки давлат Украинадаги 2014 йилги сиёсий инқироз вақтида вужудга келган.
Донецк ва Луганск Халқ Республикаларининг иккиси ҳам на Украина ва на жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олинган. Бироқ, хабарларга кўра, уларни Россия қўллаб-қувватламоқда.
Қайта авж олган ҳарбий ҳаракатлар
Жорий йилнинг март ойида Донбассдаги вазият яна кескинлаша бошлади. Бунга Украинанинг НАТОга қўшилиш томон қилган ҳаракатлари сабаб бўлгани айтилмоқда.
Украина ҳам, Россия ҳам ушбу минтақага чегарадош бўлган ўзининг ҳудудига ҳарбий кучларини тўпламоқда. Бундан ташқари, Украина раҳбари Зеленский ҳарбий туташув чизиғига бориб, мудофаанинг энг олди позицияларида хизмат вазифасини ўтаётган ҳарбийлар билан суҳбатда бўлиб, уларга мукофотлар топширган.
Ўз навбатида Россия Украинанинг НАТОга қўшилиши Донбассдаги можарони ҳал қилмаслигини таъкидлаган. Бошқача позиция тутган давлатлар ҳам йўқ эмас. Хусусан, Туркия ва АҚШ Украинанинг ушбу ҳарбий блокка қўшилишини ёқламоқда.
LiveБарчаси