Зеленский хизмат сафаридаги Бош прокурорни ишдан олишни талаб қилди
Олам
−
14:46 426 2 дақиқа
Украина Президенти Владимир Зеленский Олий Радага Руслан Кравченкони мамлакат Бош прокурори лавозимидан озод этиш тўғрисида тақдимнома киритди. Бу ҳақда РБК-Украина хабар берди.
Олий Рада Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг Руслан Кравченкони Бош прокурор лавозимидан озод этиш бўйича тақдимномасини қабул қилиб олди. Ҳужжатни давлат раҳбари 14 сентябрь куни юборган.
“Украина Конституцияси 85-моддаси биринчи қисмининг 25-банди, 106-моддаси биринчи қисмининг 11-банди ҳамда 131-1-моддаси учинчи қисмига мувофиқ, Р. Кравченкони Бош прокурор лавозимидан озод этишга Украина Олий Радасининг розилигини бериш тўғрисида таклиф киритаман”, дейилади ҳужжатда.
“Слуга народа” фракцияси раҳбари Давид Арахамия парламентга Зеленскийнинг Бош прокурорни лавозимидан озод этиш ҳақидаги тақдимномаси келиб тушганини тасдиқлаган.
“Яқин соатлар ичида ҳужжат соҳавий қўмита мажлисида кўриб чиқилади, шундан сўнг эртага у парламентнинг мажлислар залида муҳокамага олиб чиқилади”, деб қайд этди у.
DW хабарига кўра, Украина Бош прокурори мамлакатни тарк этиб бўлган. Кравченко ҳам чет элда эканини тасдиқлаган. Бу ҳақдаги баёнот у Миллий аксилкоррупция бюроси директори Семён Кривоносга нисбатан гумон эълон қилган чиқишидан бир ярим соат ўтиб пайдо бўлган.
“Ҳозирда хорижий хизмат сафаридаман, унинг доирасида бир қатор учрашувлар режалаштирилган. Ушбу учрашувлар давомида халқаро шерикларга аксилкоррупция органлари тизимидаги ҳақиқий аҳвол, улар томонидан назоратсиз таъсирнинг тўпланиш белгилари ва бундай амалиёт давлат суверенитети, қонун устуворлиги ҳамда демократик институтлар учун юзага келтираётган хавф-хатарлар ҳақида ахборот бериш ниятидаман”, дейди Кравченко.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Ихтисослаштирилган коррупцияга қарши прокуратураси Бош прокуратура идорасида фирибгарлик билан боғлиқ қўнғироқ марказларига ҳомийлик қилиш бўйича тергов давомида топилган нақд пул солинган сейфнинг фотосуратини эълон қилганди. Кейинроқ эса Украина Бош прокурори Руслан Кравченко сиёсий қарама-қаршиликлар сабабли истеъфога чиқиш тўғрисида ариза берганини маълум қилди.
Live
Барчаси