Зеленский баъзи араб етакчиларини урушга “кўз юмганликда” айблади
Олам
−
20 Май 2023
8472Украина Президенти Владимир Зеленский Япониядаги G7’га сафари олдидан баъзи араб етакчиларини Россиянинг Украинага бостириб киришига “кўз юмганликда” айблади. Бу ҳақда “BBC” хабар берди.
Маълумки, Араб Лигаси давлатларидан фақат Сурия Россиянинг босқинини очиқ қўллаб-қувватлаган. Бошқалар эса Москва билан яхши муносабатларни сақлаб қолишга интилган.
“Баъзи давлатлар Россия билан алоқалари ҳақида ўйлашлари керак. Афсуски, дунёда ва бу ерда, сизнинг орангизда ўша ҳарбий асирнинг қафаслари ва ноқонуний аннексияларига кўз юмаётганлар бор. Мен бу ерга руслар қанчалик таъсир ўтказмасин, ҳамма вазиятга тўғри қараши, барибир мустақиллик бўлиши кераклигини билдириш учун келдим”, деган Зеленский.
Шунингдек, у Жиддада йиғилган раҳбарларга Украина ўзини мустамлакачилар ва империалистлардан ҳимоя қилаётганини айтган.
Мезбон давлат Саудия Арабистони эса мазкур можарода нозик чизиқдан борган – бир томондан, Россияни ўз қўшинларини олиб чиқишга чақирувчи БМТ резолюциясини қўллаб-қувватлаган ва Украинага 400 миллион доллар гуманитар ёрдам ваъда қилган бўлса, бошқа томондан, можарода ўзини бетараф кўрсатиб, Россияга қарши санкциялар қўйишга қаршилик кўрсатмоқда.
Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон ҳам саммитда Саудия Арабистонига Москва ва Киев ўртасида урушни тўхтатиш учун воситачилик қилиш таклифини янгилаган.
Украина раҳбари Саудия Арабистонидан сўнг G7 саммитига боради, буни бугун, 20 май куни эрталаб Япония ҳам тасдиқлаган. Расмийларнинг айтишича, у саммитнинг етакчилар йиғилишида иштирок этади ва Япония Бош вазири Фумио Кисида билан икки томонлама учрашув ўтказади.
“[Зеленский] шахсан ўзини кўрсатиш орқали қуруқ қўл билан кетмаслигига ва ўзи хоҳлаган қурол-яроғлар билан тўлиб-тошиб Киевга қайтишига, шу жумладан, ҳалокатли қуроллар ваъдасига ишонч ҳосил қилиш имкониятига эга бўлади”, дейди G7 тадқиқот гуруҳи таҳлилий маркази директори Жон Киртон.
Эслатиб ўтамиз, охирги бир неча кун ичида Зеленский Италия, Германия, Франция ва Буюк Британияга борган ва ҳарбий ёрдам ваъдаларини олганди. Шунингдек, у иттифоқчиларини Украинага илғор қирувчи самолётлар етказиб беришга ундашда давом этмоқда, бироқ ҳозирча ҳеч бир давлат уларни бевосита етказиб бериш мажбуриятини олмаган. Хиросимага етиб боргач, у Кисида ва Ҳиндистон раҳбари Нарендра Моди каби эҳтиёткорроқ раҳбарларни ёрдам беришга кўндиришга ҳаракат қилади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь