Зеленский ҳарбий ҳолатни узайтиришни таклиф қилди
Олам
−
29 Октябрь
3349Украина Президенти Владимир Зеленский Олий Радага (парламент) ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарликни 90 кунга узайтиришни маъқуллашни таклиф қилди.
Давлат раҳбари Олий Радага Украинада ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик муддатини яна 90 кунга — 2025 йил 7 февралгача узайтиришни назарда тутувчи қонун лойиҳаларини тақдим этди.
Бу 2022 йил февраль ойида Россиянинг кенг кўламли босқинининг бошланишидан бери ҳарбий ҳолат ва сафарбарликнинг 13-марта узайтирилишини англатиши мумкин.
Ҳарбий ҳолат ва сафарбарликнинг охирги узайтирилиши ёзда содир бўлган – август ойи бошида Зеленский тегишли қонунларни имзолаган.
Унга кўра, ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик 9 ноябргача амал қилади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Украина Олий Радаси 18 ёшдан 25 ёшгача бўлган айрим фуқароларни ҳарбий хизматга чақиришдан озод этувчи қонунни қабул қилганди. Қонун соғлиқ нуқтаи назаридан ҳарбий хизматга яроқсиз деб топилган ва уруш пайтида чекланган яроқлиларга ҳарбий хизматдан озод қилишни таъминлаш мақсадида қабул қилинган. Ҳарбий ҳолат даврида ва 25 ёшга тўлгунча, бундай украиналикларни фақат уларнинг розилиги билан чақириш мумкин бўлади.
LiveБарчаси