Зеленский ҳам фронт чизиғига борди
Олам
−
19 Апрель 2023 7161 1 дақиқа
Украина Президенти Владимир Зеленский Донецк вилоятининг Авдеевка шаҳрига бориб, у ердаги Украина қўшинларининг илғор позицияларини ўз кўзи билан кўрди. Бу ҳақда Украина Президенти девонхонаси хабар берди.
Зеленский Донецк оператив-тактик гуруҳи қўмондони ҳисоботини тинглаган, денгиз пиёдалари, ҳаво десантлари, механизациялашган ва артиллерия бўлинмалари ҳарбий хизматчилари билан суҳбатлашган ҳамда давлат мукофотларини топширган.
“Бугун мен бу ерда бўлиш шарафига муяссар бўлдим, хизматингиз учун, еримизни, Украинани, оиламизни ҳимоя қилганингиз учун сизга миннатдорлик билдираман. Сизларни байрамлар, Пасха байрами билан табриклайман ва сизга фақат ғалаба тилайман – ҳар бир украиналик учун шуни тилайман, бу барчамиз учун жуда муҳим”, деган Зеленский ҳарбийлар билан учрашувда.
Маълумот учун, Авдеевка Донецкдан 20 километр узоқликда жойлашган. Россия кучлари шаҳарни доимий равишда бомбардимон қилмоқда. Россия қўшинларининг Украинага кенг кўламли бостириб киришидан олдин Авдеевка аҳолиси тахминан 32,5 минг кишини ташкил этган бўлса, ҳозир у ерда икки минг нафардан кам аҳоли қолган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Россия Президенти Путин ҳам уруш ҳаракатлари давом этаётган Херсон ва Луганск вилоятларига борган, биринчисида ҳарбий қўмондонлик йиғилишида қатнашган, иккинчисида эса Миллий гвардия штаб-квартирасига ташриф буюрганди.