“Zamin” фонди ихтисослаштирилган мактабларнинг 2 минг ўқувчисига эшитиш аппаратилари топширмоқда
Жамият
−
04 Ноябрь 2021
2885Ўзбекистон Биринчи хоними – “Zamin” фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева Жиззах вилоятига ташриф буюриб, Зарбдор туманидаги 1 ва 2-сонли мактабларда бўлди ва ўқувчилар билан учрашди.
“Олдимизда турган муҳим вазифалардан бири, сиз ўзингизни намоён қилишингиз учун зарур шароитларни яратиб бериш. Ўқишда, ишда, ижодда, спортда, ижтимоий фаолиятда ўзингизни топа олишингизни истаймиз. Қобилиятингиз, қизиқишларингизни юзага чиқаришда ҳеч қандай тўсиқ бўлмасин, деймиз”, деган Зироат Мирзиёева ўқувчилар билан учрашувда.
У сўзида давом этиб, муҳим вазифалардан бири – инклюзив жамиятни яратиш эканини таъкидлаган.
“Сиз ўз маҳоратингизни ошириб, сифатли таълим олишингиз ва тўсиқларсиз жамиятга янада мослашишингизни истаймиз”, деган Зироат Мирзиёева учрашувда.
Зироат Маҳмудовна ҳар бир бола таълим олишда тенг ҳуқуқли бўлиши, ўз салоҳиятини юзага чиқариш имкониятига эга бўлиши зарурлигини қўшимча қилди.
Қайд этилишича, “Zamin” фонди эшитиш қобилияти заиф болалар таълимини қўллаб-қувватлаш дастури доирасида мактабларга замонавий FM тизимларини совға қилди. Умуман олганда, жорий йилда Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Қашқадарё, Бухоро, Фарғона ва Андижон вилоятларида жойлашган 8 та ихтисослаштирилган мактабларда ана шундай жиҳозлар ўрнатилади. 2022 йил охиригача Республика бўйлаб барча 18 та мактаблар тўлиқ жиҳозланиши кутилмоқда.
Шу билан бир қаторда ўқув жараёнида жиҳозлардан фойдаланиш бўйича ҳам ўқитувчилар учун хорижлик мутахассислар томонидан махсус тренинглар ўтказилмоқда.
FM тизим керакли товушларни бевосита ўқувчининг эшитиш аппаратларига узатаётгани туфайли болалар ўқитувчининг гапини эшитадилар ва нутқни синфда ҳам, шахсий дарсларда ҳам ривожлантирадилар.
Самарадорликни таъминлаш мақсадида “Zamin” фонди кўмагида ихтисослаштирилган мактабларнинг 2 минг нафар ўқувчисига 2 донадан замонавий эшитиш аппарати бепул топширилмоқда. Шу билан бирга, бир гуруҳ мутахассислар болаларнинг эшитиш қобилиятини диагностика қилиш ва эшитиш воситаларини индивидуал созлашни амалга оширмоқда.
LiveБарчаси