“Замҳоким”ни отиб кетган эркакка суд ҳукми ўқилди

Олам

image

Жорий йилнинг апрель ойида Қозоғистоннинг Чимкент шаҳар ҳокимлиги биноси ёнида мазкур шаҳар ҳокимининг ўринбосари Руслан Берденов отиб кетилгани хабар қилинган эди. Давлатга қарашли “Турғун уй Чимкент” корхонасининг собиқ раҳбари Эрнар Жиембай ушбу суиқасдни содир этишда айбдор деб топилди ва 9 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Чимкент шаҳар суди матбуот хизмати хабар берди. 

Воқеа жорий йилнинг 21 апрель куни содир бўлган. Эрнар Жиембай Руслан Берденовга қарата бир неча марта ўқ узган. Берденов шошилинч шифохонага ётқизилиб, операция қилинган ва ҳаёти сақлаб қолинган.

Ҳужумдан кейин гумонланувчи қўлга олинган, унга нисбатан қасддан одам ўлдиришга уриниш моддаси бўйича жиноят иши очилган. Дастлабки тахминларга кўра, суиқасд ишдан бўшатиш билан боғлиқ бўлган.

Прокуратура маълумотига кўра, Жиембай Берденовга ов милтиғидан беш марта ўқ узган ва яна отмоқчи бўлганида ўқ тугаб қолган. Тергов версиясида айтилишича, Берденов ҳоким ўринбосари лавозимига тайинлангач, гумонланувчидан ишдан ўз хоҳиши билан кетиш сўралган, у эса спиртли ичимлик ичиб, стресс ҳолатида қурол олиб, Берденовга ҳужум уюштирган.

Суд жараёнида Жиембай жиноятга рашк сабаб бўлганини айтган, бироқ жабрланувчи буни ёлғон ва манипуляция деб атаган. Прокурор унга 11 йил 3 ой қамоқ жазоси берилишини сўраган, бироқ суд 9 йил билан чекланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Финляндия парламенти биносида депутат ўз жонига қасд қилганди. Полиция ҳодиса юзасидан текширув бошлаган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари марҳумнинг ўлимида жиноят аломатлари йўқлигини қайд этган.


Мақола муаллифи

Теглар

суиқасд Замҳоким Руслан Берденов Эрнар Жиембай

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг