Россия армиясининг авиация генерали отиб кетилди
World
−
20:00 1247 2 minutes
Саратов вилоятининг Энгельс шаҳрида номаълум шахс Россия Фазо-космик кучлари (ФКК) зобитига суиқасд қилди. Бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбага таяниб, “Коммерсантъ” хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, ҳодиса бугун, 3 сентябрь эрталаб Энгельснинг “Пробуждение” посёлкасидаги коттеж яқинида содир бўлган. “Shot”нинг ёзишича, ҳужум қилган шахс мотоциклда бўлган ва юзини шлем билан яширган. Генерал ҳарбий дўкондан чиқаётганда унга қарата икки марта ўт очган ва воқеа жойидан қочиб кетган. Ўқлардан бири эркакнинг юзига, иккинчиси эса танасига теккан.
Ҳарбийнинг ҳайдовчиси ҳам жароҳат олган, аммо тез ёрдам чақиришга муваффақ бўлган. Зобит Саратовга етказилган, у ерда шифокорлар тезкор тиббий ёрдам кўрсатган. Шундан сўнг, уни кейинги даволаш учун махсус самолётда Москвага юборишга қарор қилинган. Украинанинг “Supernova+” мониторинг канали суиқасд Россия ФКК узоқ масофали авиациясининг 22-оғир бомбардимончи авиация дивизияси қўмондони, генерал-майор Николай Варпаховичга қилинганини ёзмоқда.
Бунгача Украина Хавфсизлик хизмати (УХХ) ва мамлакат Bош прокуратураси Варпаховичга 2024 йил 8 июль куни Киевдаги “Охматдет” болалар шифохонасига берилган ракета зарбасига алоқадорликда сиртдан гумон билдирган. Тергов маълумотларига кўра, у ракета зарбаси бериш ҳақида жанговар буйруқ берган, шундан сўнг унга бўйсунувчи узоқ масофали авиация бўлинмалари Ту-95МС бомбардимончи-ракета ташувчисидан шифохонага Х-101 қанотли ракетасини учирган.
“Коммерсантъ” маълумотларига кўра, суиқасддан сўнг фавқулодда ҳодиса содир бўлган посёлка ўраб олинган. Воқеа жойида Тергов қўмитаси, ФХХ ва полициянинг тергов-тезкор гуруҳлари ишламоқда. Тергов қўмитаси қотилликка суиқасд қилиш (Жиноят кодексининг 30-моддаси 3-қисми, 105-моддаси 1-қисми) ва қуролнинг ноқонуний муомаласи (Жиноят кодексининг 222-моддаси 1-қисми) моддалари бўйича жиноят иши қўзғатган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Санкт-Петербургнинг Пушкин туманидаги Славянка микрорайонида подполковник унвонидаги ҳарбий хизматчи ва унинг турмуш ўртоғи бўлган автомобиль портлаб кетганди. Эркак воқеа жойида ҳалок бўлган, аёл реанимацияга ётқизилган.
Live
All