Юз минглаб исроилликлар Ғазодаги вазият бўйича митинг ўтказди
Олам
−
18 Август 2025 7132 2 дақиқа
Кеча, 17 август куни Исроилда юз минглаб одамлар Тель-Авив марказида ҳукуматдан Ғазо секторидаги гаровдагиларни озод қилиш бўйича келишув имзолашни талаб қилиб, оммавий митингга чиқди. Бу ҳақда “Ynet” хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, намойишда юз минглаб одам қатнашган, ташкилотчилар эса 500 минг киши иштирок этганини билдирган.
“The Times of Israel” хабарига кўра, 17 август куни бутун мамлакат бўйлаб ўтказилган турли акцияларда жами бир миллионга яқин исроиллик қатнашган. Кенг кўламли намойишлар иш ташлаш намойишларининг бир қисми бўлган. Митинглар маҳаллий вақт билан соат 06:29 да бошланган. Одамлар шаҳарнинг марказида Аялон автомагистрали ва Бегин кўчасида ҳаракатни тўсиб қўйган. Маҳаллий ОАВга кўра, намойишчилар 1-, 34- ва 443-шосселарда ҳам вақти-вақти билан транспорт ҳаракатини тўсиб қўйган. Бутун Исроил бўйлаб полиция 38 кишини қўлга олган, шулардан 11 нафари Тель-Авивда йирик автомагистралларда ҳаракатни тўсиб қўйгани учун ҳибсга олинган.
“Намойишларнинг бошланиши айнан 2023 йилнинг 7 октябрь куни ҲАМАС жангариларининг ҳужуми бошланган вақт билан тўғри келади”, дейилади хабарда.
Ўша ҳужумда чегарага яқин аҳоли пунктлари аҳолиси ўлдирилган, 250 дан ортиқ киши гаровга олинган эди. Бунга жавобан Исроил ҲАМАСнинг ҳарбий ва сиёсий тузилмаларини йўқ қилиш ҳамда барча гаровдагиларни озод қилиш мақсадида Ғазода ҳарбий операция бошлаган ва ушбу операция ҳалигача давом этмоқда.
Маълумот учун, 2023 йил 7 октябрдан бери Исроилнинг Ғазо секторига уюштирган ҳужумлари оқибатида камида 61 944 фаластинлик ҳалок бўлди ва 150 800 дан ортиқ киши жароҳатланди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 8 августга ўтар кечаси Исроил ҳукумати ҲАМАС ҳаракатини “мағлубиятга учратиш” ва Ғазо шаҳри устидан назорат ўрнатиш режасини маъқуллаганди. Бу қарор Исроилнинг юқори мартабали амалдорларининг тунги учрашувидан сўнг – урушни тўхтатиш бўйича халқаро чақириқлар кучайиб бораётганига ва ҲАМАС томонидан гаровга олинганлар тақдиридан қўрққан кўплаб исроилликларнинг норозиликларига қарамай қабул қилинган.
Live
Барчаси