Юнусободдаги “снос”: прокуратура ўз ходимларига келганда қонунларни унутиб қўядими?
Жамият
−
29 Январь 2022
9887Аввалроқ, QALAMPIR.UZ’да “Юнусободнинг янги ҳокими ишни “снос”дан бошлади...ми?” номли журналистик суриштирув эълон қилинганди. Мазкур журналистик суриштирув юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси расмий муносабат билдирди.
Гап шундаки, мақола ва видеода 2018 йилнинг 24 август куни Юнусобод тумани ҳокими Бахтиёр Абдусаматов туманнинг Мойқўрғон кўчаси 6-уй олдида Тошкент шаҳар Архитектура ва қурилиш бош бошқармаси томонидан тасдиқланган намунавий лойиҳа асосида 0,20 гектарли (чегара режасига асосан) “ASIA GAMMA LINE” МЧЖга болалар боғи ташкил қилиш ва унинг таркибида енгил турдаги ойнаванд кўринишдаги савдо дўкони, умумий овқатланиш шохобчаси ва хизмат кўрсатиш масканларини ўрнатишга рухсат бериш ҳақидаги қарорни имзолагани, тадбиркорлар эса шу қарор асосида қурилиш ишларини олиб боргани, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари аллақачон иш бошлаб, орадан вақт ўтгач, жорий йилнинг 25 январь куни иншоотларни бузишга киришилгани, “снос” жараёнида прокуратура, ҳокимлик вакиллари томонидан ҳеч қандай огоҳлантириш хати ёки суд қарори тақдим этилмагани ёзилган эди.
Прокуратуранинг ҳолатга билдирган муносабатида айтилишича, туман секторлари раҳбарлари томонидан олиб борилаётган доимий ўрганишлар давомида, Юнусобод туманида ташкил этилган ишчи гуруҳ томонидан маҳаллаларда ижтимоий ва иқтисодий масалалар комплекс ўрганилмоқда, охирги йилларда қурилган қурилмалар хатловдан ўтказилмоқда.
“Ўрганишда, “ASIA GAMMA LINE” МЧЖ таъсисчиси А.С.Наджмитдинов Юнусобод тумани ҳокими (собиқ) Б.Абдусаматовнинг 24.08.2018 йилги қарорини қалбакилаштириб ва шу ҳужжатдан фойдаланган ҳолда, архитектура-қурилиш, давлат қурилиши назорати, кадастр ва бошқа идораларнинг тегишли рухсатномаларини олмаган ҳолда, ноқонуний равишда умумий майдони 800 кв.м. дан иборат 14 та дўконларни қурган ва ушбу қурилмаларга кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилмаган ҳолда, фуқароларга ноқонуний равишда ижарага бериб келган”, дейилади расмий изоҳда.
Шу муносабат билан туман ҳокимлиги ва мутасадди идоралар томонидан ушбу биноларни бузиш чоралари кўрилган эмиш.
Қайд этилишича, туман ҳудудида бу каби аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан жиноят иши ҳам қўзғатилган қўзғатилган ва жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб бориляпти. Мазкур жиноят иши доирасида фуқаро А.Наджмиддиновни Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан гумон қилинувчи сифатида жалб этиш чоралари кўрилмоқда.
Шаҳар прокуратурасига кўра, мазкур жиноят иши бўйича бошқа ҳолат юзасидан гумонланаётган Ш.Ш. исмли шахс бирон-бир ҳужжатларсиз, лойиҳа-смета ҳужжатларини тасдиқламаган ҳолда, умумий фойдаланиш майдони 663 кв.м.ли жами 14 та дўкон қуриб, фирибгарлик йўли билан, ҳокимлик мансабдор шахслари кўмагида кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб бериш ваъдасини берган ҳолда сотиб, фуқаролар манфаатига жуда кўп миқдордаги зарар етказган. Ҳозирда унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.
Бундан ташқари, ноқонуний қурилишларга рухсат бергани учун Юнусобод тумани ҳокимининг капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келган Ш.Қўчқоров қамоққа олингани ҳам таъкидланган.
“Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда, натижаси бўйича қўшимча маълумот берилади”, дейилган БП расмий муносабатида.
Масалага муносабат билдирилган яхши. Аммо муносабатнинг ўзига эътирозлар бўлса-чи? Сайтимизда эълон қилинган суриштирувда прокуратура ва ички ишлар органлари ходимларининг ноқонуний экани айтилаётган бино ва иншоотларни ўз билганича суд қарорисиз ноқонуний бузиш ишларига бош-қош бўлаётгани сўз борган. Шаҳар прокуратурасидагилар эса масаланинг бу жиҳатларига эътибор бермаган ва бир томонлама муносабат билдирган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев масалага муносабат билдириб, қонунчиликка кўра, ноқонуний бино ва иншоотлар қандай тартиб бузилиши кераклигини тушунтирганди ҳамда Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлигидан “снос”га бош-қош бўлган ходимларига нисбатан чора кўришни талаб қилганди. Афтидан, қонун устуворлигини таъминлаши керак бўлган Бош прокуратура ўз ходимларига келганида фаолиятининг асосий принципини унутиб қўяди, шекил.
Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, Юнусободда тадбиркорлар фаолиятига бу тарзда тўсқинлик қилиш ва бир неча сонияда йиллар давомидаги меҳнати эвазига қурган биносининг кунини кўкка совуриш биринчи марта учраётгани йўқ. 2021 йилнинг сентябрь ойида содир бўлган ҳолат, унинг ортидан ўзига берилган ҳайфсандан хулоса қилмаган, ҳаётий дарс олмаган прокуратура ходими Умид Азизов галдаги “снос”да ҳам бош-қош ва бу сафар ҳам тадбиркорларга бузиш ҳақида ҳеч қандай расмий ҳужжатни тақдим этмаган. Атрофни ўраб олган ҳуқуқ-тартибот органи – ички ишлар ходимлари ҳам тадбиркорларнинг ҳуқуқлари топталаётган жойда уларни ҳимоя қилмай, аксинча, топшириққа кўра, куч ишлатиб, қарши чиққанларни машинага солиб, идорага олиб кетган. Қизиғи шундаки, сентябрда рўй берган воқеада Умид Азизов қаторида ички ишлар ходимлари ҳам бўлган ва уларга нисбатан хизмат текшируви тайинланганди. Орадан 4 ойдан ортиқ муддат ўтди ҳамки, текширув натижалари эълон қилингани йўқ.
Юнусобод тумани 6-мавзеда бўлган "снос"дан азият чеккан тадбиркорлар фарёди ва ҳокимлик вакилининг изоҳини QALAMPIR.UZ’нинг YouTube канали, шунингдек ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида томоша қилишингиз мумкин.
LiveБарчаси