Юнусободдаги “снос”да бош-қош бўлганларга чора кўрилиши керак – Кушербаев БП ва ИИВга мурожаат қилди

Жамият

image

Аввалроқ, QALAMPIR.UZ’да “Юнусободнинг янги ҳокими ишни “снос”дан бошлади...ми?” номли журналистик суриштирув эълон қилинганди. Мазкур журналистик суриштирув юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик паталаси депутати Расул Кушербоев ҳам муносабат билдириб, Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги тадбиркорларнинг мулкини ҳеч қандай ҳужжатсиз бузиш ишларига бош-қош бўлаётган ходимларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларига баҳо бериб, қонуний чора кўришга чақирди. 

Гап шундаки, мақола ва видеода 2018 йилнинг 24 август куни Юнусобод тумани ҳокими Бахтиёр Абдусаматов туманнинг Мойқўрғон кўчаси 6-уй олдида Тошкент шаҳар Архитектура ва қурилиш бош бошқармаси томонидан тасдиқланган намунавий лойиҳа асосида 0,20 гектарли (чегара режасига асосан) “ASIA GAMMA LINE” МЧЖга болалар боғи ташкил қилиш ва унинг таркибида енгил турдаги ойнаванд кўринишдаги савдо дўкони, умумий овқатланиш шохобчаси ва хизмат кўрсатиш масканларини ўрнатишга рухсат бериш ҳақидаги қарорни имзолагани, тадбиркорлар эса шу қарор асосида қурилиш ишларини олиб боргани, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари аллақачон иш бошлаб, орадан вақт ўтгач, жорий йилнинг 25 январь куни иншоотларни бузишга киришилгани, “снос” жараёнида прокуратура, ҳокимлик вакиллари томонидан ҳеч қандай огоҳлантириш хати ёки суд қарори тақдим этилмагани ёзилган эди.

Депутат Кушербоев ҳолатни жойига чиқиб ўрганди. У шундай муносабат билдирган: 

“Юнусобод туманида фуқаролар томонидан тадбиркорлик фаолияти учун қурилган қурилмаларни бузиш ишлари ноқонуний амалга ошрилган. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 июлдаги 467-сон қарори билан тасдиқланган низомга кўра, ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни аниқлаш ҳамда уларни бузиб ташлашни ташкил этиш соҳасидаги ваколатли давлат органларига ҳокимият, кадастр, архитектура, экология ва маданий мерос департаменти киради.

Бу ерда прокуратурага ҳам, ички ишлар органларига ҳам ўзбошимча қурилмани буздириш ваколати берилмаган. 

Шунингдек, ўзбошимча қурилма аниқланган тақдирда низомга кўра, қурилмани ўн беш кунлик муддатда ихтиёрий бузиб ташлаш тўғрисида далолатнома тузилиб, қурилма эгаси огоҳлантирилиши шарт.

Агар ушбу муддатда фуқаро бу қурилмага нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисида судга даъво берса, даъво берилган кундан бошлаб суднинг якуний қарори қабул қилинишига қадар ушбу иморатни бузиш тўхтатиб турилади.

Ўзбошимча қурилмани бузиб ташлаш учун белгиланган муддат тугаганидан сўнг, ваколатли орган икки иш кунида бу тўғрисида туман (шаҳар) ҳокимлиги ҳузуридаги Ер участкаларини бериш масалаларини кўриб чиқувчи комиссияга хабарнома киритади.

Комиссия уч иш куни мобайнида тартибга асосан, ўзбошимча қурилмани бузиб ташлаш тўғрисидаги туман (шаҳар) ҳокимининг даъво аризасини судга киритади.

Токи суднинг якуний қарори чиқмагунга қадар ҳеч бир орган ёки шахс фуқароларнинг қурилмаларини ўзбошимча деб, шикаст етказиши, бузиши ва босим ўтказиши мумкин эмас!

Юнусобод туманида содир бўлган ҳолатда прокуратура ва ички ишлар органлари масъул ходимлари мансаб ваколатидан четга чиқиб, фуқароларнинг ҳуқуқлари қўпол даражада бузилишига йўл қўйишган. Бу жиноий жавобгарлика сабаб бўлиши мумкин.

Шу муносабат билан, Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги ўз тизимининг қуйи бўғинида содир этилаётган ушбу қонунбузилиши ҳолатига ҳуқуқий баҳо бериб, қонуний чоралар кўриши шарт, деб ҳисоблаймиз”, дейди Кушербоев.

Депутат ўз муносабати сўнгида Ўзбекистон "Ҳукумат суд қарорисиз ва адолатли товон пулисиз мулкни мусодара қилмаслик" рейтингида 139 та давлат ичида 138-ўринда туришини эслатиб ўтган. 

Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, Юнусободда тадбиркорлар фаолиятига бу тарзда тўсқинлик қилиш ва бир неча сонида йиллар давомидаги меҳнати эвазига қурган биносининг кунини кўкка совуриш биринчи марта учраётгани йўқ. 2021 йилнинг сентябрь ойида содир бўлган ҳолат, унинг ортидан ўзига берилган ҳайфсандан хулоса қилмаган, ҳаётий дарс олмаган прокуратура ходими Умид Азизов галдаги “снос”да ҳам бош-қош ва бу сафар ҳам тадбиркорларга бузиш ҳақида ҳеч қандай расмий ҳужжатни тақдим этмаган. Атрофни ўраб олган ҳуқуқ-тартибот органи – ички ишлар ходимлари ҳам тадбиркорларнинг ҳуқуқлари топталаётган жойда уларни ҳимоя қилмай, аксинча, топшириққа кўра, куч ишлатиб, қарши чиққанларни машинага солиб, идорага олиб кетган. Қизиғи шундаки, сентябрда рўй берган воқеада Умид Азизов қаторида ички ишлар ходимлари ҳам бўлган ва уларга нисбатан хизмат текшируви тайинланганди. Орадан 4 ойдан ортиқ муддат ўтди ҳамки, текширув натижалари эълон қилингани йўқ. 

Юнусобод тумани 6-мавзеда бўлган "снос"дан азият чеккан тадбиркорлар фарёди ва ҳокимлик вакилининг изоҳини QALAMPIR.UZ’нинг YouTube канали, шунингдек ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида томоша қилишингиз мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Расул Кушербоев

Баҳолаганлар

259

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг