Юнусободдаги авария бўйича Ҳукумат комиссияси тузилди
Жамият
−
18 Декабрь 2019
7737Бугун, 18 декабрь куни Тошкент метрополитенининг Юнусобод линиясида қурилиш ишлари олиб борилаётган очиқ участкада авария юз бергани ҳақида хабар берган эдик. Ушбу ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов имзолаган ҳужжатга асосан Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов раислигида Ҳукумат комиссияси тузилди. Вазирлар Маҳкамаси фармойишида шундай дейилади:
“Жорий йилнинг 18 декабрь куни сурункали ёғингарчилик оқибатида Тошкент метрополитени Юнусобод йўналишининг қурилаётган қисмида тупроқ кўчиши содир бўлган.
Юзага келган ҳолатни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги куч ва воситалари сафарбар қилинган.
Ушбу ҳудудда содир бўлган ҳодисанинг келиб чиқиш сабаблари ва оқибатларини ўрганиш ва уни зудлик билан бартараф қилиш мақсадида Ҳукумат комиссияси тузилди.
Комиссияга содир бўлган ҳодиса сабабларини ва оқибатларини жойида ўрганиш, ҳодиса оқибатларини зудлик билан бартараф этиш, жабрланганлар ва уларнинг оила аъзоларига ёрдам кўрсатиш ҳамда бошқа бир қатор вазифалар юкланди.
Шунингдек, Тошкент метрополитенининг ер усти ва ер ости метро йўналишлари қурилишида саноат хавфсизлиги талабларига риоя этилиши қайд этилди”.
LiveБарчаси