Юнусободдаги сув тошқинига қозонхонанинг ҳеч қандай алоқаси йўқ – Энергетика вазирлиги
Жамият
−
03 Июль
4787Аввалроқ, Тошкент шаҳрининг Юнусобод тумани 6- ва 7-мавзеларида сув тошгани хабар қилинганди. Ушбу ҳодиса юзасидан Тошкент шаҳар “Сув таъминоти” АЖ матбуот хизмати томонидан воқеага ҳудуд яқинида жойлашган “Тошкент иссиқлик маркази” МЧЖга қарашли 4-сонли қозонхонада электр таъминоти узилиши сабаб бўлганлиги келтирилди. Бироқ Энергетика вазирлиги буни рад этди.
Қайд этилишича, “Иссиқлик электр станциялари” АЖ таркибидаги “Тошкент иссиқлик маркази” МЧЖ Тошкент шаҳар “Сув таъминоти” АЖнинг мазкур баёноти ҳақиқатга мос эмаслигини ва 4-сонли қозонхонада 2-3 июль кунлари электр таъминоти билан боғлиқ ҳеч қандай узилиш юз бермаганини маълум қилган.
“Сув тошқинига қозонхона фаолиятининг ҳеч қандай алоқаси йўқ. 4-сонли қозонхона 2024 йилнинг 2 июлидан 3 июлига ўтар кечаси барқарор ва штат режимида фаолият юритган”, дейилади раддияда.
Таъкидланишича, айни пайтда қозонхонага сув таъминотининг етарли даражада етказиб берилмаётганлиги сабабли мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб ишлаб чиқариш ҳажми пасайтирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентдаги сув тошқини сабаб айрим ҳудудларда жамоат транспорти вақтинча чекланганди.
LiveБарчаси