Британияликлардан уч кунлик сув ва озиқ-овқат захирасини ғамлаш сўралди
World
−
21:07 963 2 minutes
Буюк Британия ҳукумати фуқароларни уч кунлик сув ва озиқ-овқат захирасини ғамлашга чақирди. Бу ҳақда ҳукуматининг расмий сайтида баёнот эълон қилинди.
Бугун, 23 октябрь куни эълон қилинган янгиланган тавсияларга мувофиқ, мамлакатдаги хонадонларга кундалик хизматлар кўрсатишдаги вақтинчалик узилишларга тайёр бўлиш учун бир нечта оддий қадамларни ташлаш тавсия этилади.
“Ушбу тавсиялар бутун Буюк Британия бўйлаб хонадонларга баъзан электр ва сув таъминоти, телефон алоқаси ҳамда интернетга таъсир қилиши мумкин бўлган ноқулай об-ҳаво каби ҳодисаларга яхшироқ тайёргарлик кўришга ёрдам бериш учун мўлжалланган “Be Ready” (“Тайёр бўл”) уч йиллик кампаниясининг биринчи босқичидир”, дейилади баёнотда.
Ҳукуматнинг билдиришича, кампания одамлар олдиндан қилишлари мумкин бўлган оддий нарсаларга, шу жумладан уйда тез бузилмайдиган озиқ-овқат маҳсулотлари ва идишлардаги сувнинг кичик захирасини сақлашга қаратилган.
“Қишки бўронлар ва шу ёздаги ўрмон ёнғинлари ноқулай об-ҳаво ҳодисалари кундалик ҳаётимизни қандай издан чиқариши ва телефон алоқасидан тортиб сув таъминоти ва интернетгача – биз боғлиқ бўлган хизматлар фаолиятига таъсир қилиши мумкинлигини кўрсатди”, дея баёнот берди Британия ҳукумати.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Буюк Британия ҳукумати кўп йиллардан бери биринчи марта йирик қуролли низо учун мўлжалланган миллий ҳаракатлар режасини янгилагани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All