Юлдузлар Россияни тарк этмоқда. Навбат кимга?
Маданият-санъат
−
16 Декабрь 2022
18576Россия халқ артисти Григорий Лепс шов-шувли жанжаллардан сўнг Россияни тарк этди. Бу ҳақда “Teleprogramma.pro” хабар берди.
Уни Истанбул аэропортидан Миланга учаётганида кўриб қолишган. Унинг ёнида бир аёл бўлган.
Таъкидланишича, Лепс Миланда дам олишни яхши кўради, у ерда унинг кўплаб дўстлари бор ва тез-тез Италияга саёҳат қилади.
Маълумот учун, Григорий Лепс Санкт-Петербургдаги концертида қўшиқ айтишдан бош тортиб, жаҳл билан чиқиб кетгани ҳақидаги лавҳалар ижтимоий тармоқларни жумбушга келтирган эди.
Концертдан кейинги воқеалар шу билан тугамаган. У аввалига шаҳардаги барларнинг бирига борган. У ерда спиртли ичимлик ичиб, 39 ёшли бир эркакка нарда ўйнашни таклиф қилган. Ўйин учун 10 минг доллар тикилиши керак бўлган. Эркак ўзида бундай пул йўқлигини айтгач, ўртада жанжал келиб чиққан.
Бардан чиқариб юборилганидан сўнг, кўчада Григорий Лепс ва қўриқчиси эркакни калтаклаган. Шундан сўнг, жабрланувчи Лепснинг устидан шикоят қилган. Сўнгра Лепс ўзи калтаклаган Дмитрий Горбачёвга етказилган маънавий ва моддий зарарни қоплаб берган ва ундан узр сўраган.
Маълумот ўринида, Европа Иттифоқи (ЕИ) Россияга қарши янги санкциялар пакети доирасида 144 кишини, жумладан хонанда Григорий Лепсни қора рўйхатга киритиши мумкинлиги айтилган эди.
Эслатиб ўтамиз, “Comedy club”нинг собиқ аъзоси Гарик Мартиросян ҳамда рус эстрадаси примадоннаси Алла Пугачёва эгизак фарзандлари билан Россияни тарк этгани ҳақида хабар берилган эди.
Озода Чориева
LiveБарчаси