Тошкентда ҳайдовчиларни сотаётган “қулоқ”лардан бири кимлиги маълум бўлди
Жамият
−
28 Апрель 2021
44010Ўзбекистонда тадбиркорларга йўл ҳаракати қоидабузарликларини фото ва видеога қайд этувчи воситаларни ўранитишига рухсат берилганди. Бу жамоатчилик фикрининг бўлинишига ва кўплаб баҳсларга сабаб бўлмоқда.
Янги тартибни қўлловчилар қоидаларни бузмасдан ҳаракатланиш кераклигини таъкидласа, унга қаршилар, аввало, йўлларнинг аҳволи, йўл белгиларининг тўғри ва тўлиқ бўлиши кераклигини ҳамда ушбу тартиб жамиятда “қулоқ”ларни кўпайтириб юборишини таъкидламоқда.
Facebook ижтимоий тармоғида кун тартибига чиққан мавзуга алоқадор баҳсли видео тарқалди.
Видеодаги кадрларда йўлда ҳаракатланиб кетаётган ҳайдовчи 3.27 тўхташ тақиқланади йўл белгиси таъсиридаги ҳудудда тўхтаб турган Lacetti’ни кўрган ва ортга қайтиб уни тасвирга олган.
Аммо воқеанинг кўз илғамас бошқа бир жиҳати бор. Видеодаги изоҳларга кўра, Lacetti ҳайдовчиси йўлдаги каттагина чуқурни тўлдириб, устидан бетон қуяётган бўлган.
“Рамазон кунларида савоб бўлади деб бетон қуйиб турган эдик, бир ЙПХ ходими келиб “акалар, йўлга бир белги қўйиб қўйсангиз, ҳаракатга халақит қилмасин” деганди “знак” қўйдик. Ёнида тротуар бор эди, одамларнинг ўтишига халал берадиган ҳолат экан. ЙПХ ходими “Машинангиз бор экан, иложи бўлса, шу машинани тротуарга яқинроқ қилиб қўйсангиз, ўтган одамлар бетонни босмаса, эҳтиёт бўлиб ўтса”, деганди. Инспекторнинг гапидан кейин мажбур бўлиб, машинани ноқулай жойга қўйдим. Бир ноинсоф, ўтиб кетаётган жойида қайтиб келиб, машина тақиқланган жойда турибди деб, тасвирга олибди. Бу воқеа 14 апрель куни бўлган. 735 минг жарима келибди. Одамларга нима бўляпти, тушунмадим”, деган йўл таъмирлаб, жаримага тушган ҳайдовчи.
Видеога қолдирилган изоҳларда эса видеога олган шахс яхшиланмаган, албатта. Тармоқ фойдаланувчиларидан бири қоидабузарликларни тегишли идораларга хабар қилганлик учун молиявий рағбатлантиришни бекор қилиш кераклигини ва видео ёзувларни таҳлил килувчи аналитикларни ишга олиш кераклигини айтган.
Бошқа бир фойдаланувчи қуйидагича изоҳ қолдирган:
“Бунақанги қонунлар халқни бир-бирига душман қилиб қўяди, одамлар орасидаги меҳр-оқибат баттар йўқолиб бораверади. Ҳеч кимда бир бирига нисбатан ишонч қолмайди. Қўшнисини танимайдиган баъзи давлатларнинг аҳолиси сингари биз хам ўз манфаатини ўйлайдиган, бошқаларнинг дарди-ғами билан иши бўлмайдиган ҳиссиз, мехр-шавқатсиз халққа айланиб бораверамиз.”
Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган бу каби видеолар қоидабузарликка қарши курашиш учун йўлга қўйилган янги усулни қайта кўриб чиқиш кераклигини кўрсатмоқда. Аҳоли кайфиятини инобатга олиб, юқорида кўрсатилганидек, айбсиз айбдорлар кўпаймаслиги ва энг асосийси одамлар орасида ўзаро ишончсизлик ва бўлиниш ўнглаб бўлмас ҳолга келмасидан аввал хатоликларни тузатиш маъқул.
Йўлда қоидабузарликлар бўлмаслиги учун бу каби қатъий чоралар йўл инфратузилмаси яхшиланганидан кейин жорий қилиниши мақсадга мувофиқ бўларди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь