“Юксалиш” аномал совуқда мактабларда ўқишни тиклашга қарши чиқди
Жамият
−
10 Январь 2023
10068Ўқишни бошлашнинг аниқ муддатини белгилаш қарори нафақат таълим муассасалари маъмурияти, балки ота-оналар ва педагогик таркиб билан маслаҳатлашган ҳолда қабул қилиниши лозим. Бу ҳақда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Бобур Бекмуродовнинг аномал совуқ шароитига қарамай, мамлакат ҳудудларида таълим жараёнлари тикланаётганига нисбатан билдирган муносабатида сўз борган.
У барча ижро органларини ўқиш жараёнларини кейинги ҳафтадан бошлаш масаласини қайта кўриб чиқишга, бунда қишлоқлардаги шароитни ҳисобга олишга чақирган.
“Биз маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва таълим жараёнларига масъул ҳудудий идораларни мактабгача ва мактаб таълими муассасаларида ўқиш жараёнларини кейинги ҳафтадан бошлаш масаласини кўриб чиқишга чақирамиз.
Аввало, аномал совуқ ва ёғингарчилик шароитида ўқувчиларнинг таълим муассасига етиб келиши кескин қийинлашади. Айрим қишлоқларда болалар бир неча километр пиёда юриб мактабга қатнашини инобатга олиш зарур”, дейди Бекмуродов.
Унинг қайд этишича, қатор ҳудудларда мактабгача ва мактаб таълими муассасаларида иситиш тизимлари тўлақонли йўлга қўйилмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон ва Хоразм вилоятларидаги мактабларда эртага, 11 январдан таълим жараёнлари тикланиши маълум қилинди. Шунингдек, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳам 11 январдан бошлаб олий ҳамда профессионал таълим муассасалари ва академик лицейларда босқичма-босқич дарс машғулотлари бошланишини билдирди.
Гидрометеорология хизмати маркази эса мамлакатда аномал совуқ ҳафта охиригача давом этишини айтмоқда.
LiveБарчаси