ЙТҲ сабабчиларига нисбатан жазо кучайтирилади
Жамият
−
13:11 2964 2 дақиқа
Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидаларини қасддан менсимасдан бузиб, йўл-транспорт ҳодисасига сабаб бўлган шахсларга нисбатан жавобгарлик кучайтирилади. Бу ҳақда ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Эрали Бозоров бугун, 14 июль куни Ички ишлар органлари фаолияти юзасидан ўтказилган жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги бўйича таҳлилий ҳисоботида маълум қилди.
Эрали Бозоровнинг билдиришича, мазкур масалани назарда тутувчи қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилган бўлиб, у билан йўл ҳаракати қоидаларини қасддан бузиш оқибатида ЙТҲга сабаб бўлган шахсларга нисбатан янада қатъий чоралар қўллаш таклиф этилмоқда.
Маълумот учун, 2025 йил 1 июндан йўл-патруль хизмати ходимлари томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 12-моддаси (маъмурий ҳуқуқбузарликни эҳтиётсизлик орқасида содир этиш) асосида ёзилган баённомаларга кўра, жорий йилнинг 1 апрелидан эса қоидабузарликларни автоматик равишда аниқловчи қурилмалар томонидан қайд этилган 4 турдаги қоидабузарлик, яъни светофорнинг тақиқловчи ишорасига бўйсунмаслик, тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларини бузиш, йўлнинг қарама-қарши йўлагида ҳаракатланиш ҳамда тезлик қоидаларига амал қилмаслик учун жарима баллари ҳисобланиши белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 671 нафар ҳайдовчи 12 баллдан юқори жарима баллини тўплагани ҳамда жорий йилнинг 1 апрелидан жарима баллари тизими жорий этилганидан бери жами 399 269 нафар фуқарога нисбатан маъмурий огоҳлантириш чораси қўлланилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси