ЙПХ инспектори билан жанжаллашган ҳайдовчи қамалди
Жамият
−
26 Апрель 2023
9906Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятида ҳайдовчи ва ЙПХ ходими жанжаллашгани акс этган видео тарқалиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Мазкур ҳолат юзасидан вилоят ИИБ Ахборот хизмати расмий муносабат билдирди.
Таъкидланишича, жорий йилнинг 12 апрель куни соат 17:40 да фуқаро Қ.М. Lacetti русумли автомобиль воситасини спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда бошқариб, М-39 автомобиль йўлининг Китоб-Шаҳрисабз йўналишида бошқарувни йўқотган. Оқибатда қарама-қарши томондан келаётган “Ҳамкор” русумли мотоцикл билан йўл-транспорт ҳодисаси содир қилган.
Шу вақтда ўз хизмат вазифасини бажараётган Шаҳрисабз шаҳар ИИБ ЖХХ ЙҲХБ катта инспектори йўл-транспорт ҳодисасини процессуал расмийлаштириш мақсадида ҳайдовчини тўхтатиб, Қ.М.нинг спиртли ичимликдан мастлик ҳолатини аниқлаш учун “алкотестер” текширувидан ўтказмоқчи бўлган. Ҳайдовчи ЙПХ инспекторининг қонуний талабига бўйсунмасдан, унинг хизмат фаолиятига қаршилик кўрсатган.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳайдовчи Қ.М.га нисбатан Шаҳрисабз шаҳар прокуратураси томонидан ЖКнинг 219-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, процессуал тартибда ушланган ва қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Нурмуҳаммад Файзуллаев