Қамашида 3 яшар боғча боласининг ўлимига сабаб бўлган шахс қамалди
Crime
−
12:42 757 2 minutes
Жорий йилнинг июнь ойида Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида хусусий боғча тарбияланувчиси бўлган 3 яшар қизча машина ичида қолиб вафот этгани ҳақида хабар берилган эди. Ушбу иш бўйича боғчанинг норасмий раҳбари суд ҳукми билан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. QALAMPIR.UZ суд ҳужжати билан танишди.
Ҳужжатда келтирилишича, судланувчи О.Ч. отасининг номига расмийлаштирилган оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасасини норасмий равишда бошқарган. У жорий йилнинг 4 июнь куни эрталаб соат 08:00 ларда Kia Carnival русумли автомашинада тарбияланувчиларни боғчага олиб келган. Автомашинадан болаларни тушириш жараёнида уларнинг ҳаммаси тушганини текширмасдан ва саноқдан ўтказмасдан, 2023 йилда туғилган қизчани машина ичида қолдириб, эшикларни қулфлаб кетган.
Қизча машина ичида қолиб кетиши оқибатида ҳаво ҳарорати юқори бўлган ёпиқ муҳитда нафас ололмай вафот этган. Суд-тиббиёт экспертизасига кўра, ўлимга юқори ҳарорат таъсирида ривожланган ўткир юрак-қон томир ва нафас етишмовчилиги сабаб бўлган.
Шунингдек, О.Ч. боғчада аслида ишламаган шахсларни сохта ҳужжатлар орқали расмийлаштириб, бюджетдан ажратилган 26 миллион сўмдан ортиқ маблағни ўзлаштирганликда ҳам айбли деб топилган. Суд жараёнида етказилган моддий зарар тўлиқ қопланган.
Ушбу иш жорий йилнинг 14 октябрь куни Жиноят ишлари бўйича Китоб туман судида кўриб чиқилган. Судда О.Ч.айбига тўлиқ иқрор бўлган. Суд ҳукми билан у Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик оқибатида одам ўлишига сабаб бўлиш), 167-моддаси 2-қисми (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатларни қалбакилаштириш ва улардан фойдаланиш) билан айбли деб топилган. Унга 3 йил муддатга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони манзил-колонияда ўташи белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманида янги туғилган чақалоғини ҳожатхонага ташлаб юборган аёлга суд ҳукми ўқилган эди.
Live
All