Йил бошидан бери ноқонуний ов қилган 300 га яқин киши жазоланди
3-саҳифа
−
24 Июль
30552024 йилнинг биринчи ярмида ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини бузиш билан боғлиқ 298 нафар шахсга нисбатан 957 млн сўмлик жарима белгиланди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, ўтказилган рейд тадбирлари давомида “Ўзбекистон овчи ва балиқчилар спорт бирлашмаси”нинг Андижон, Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Наманган, Сурхондарё, Хоразм вилоятлари бўлинмалари томонидан ов йўлланмаларининг тўлиқ қайтарилиши назоратга олинмагани маълум бўлган. Оқибатда овчилар томонидан 2020-2022 йиллар давомида жами 9690 та ов йўлланмалари “Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида”ги қонуннинг 29-моддаси талабларига зид равишда фойдаланилганидан сўнг қайтарилмаган. Бунинг ортидан ов йўлланмаларидан такрорий фойдаланиш ҳамда ноқонуний ов қилишга шароит яратиб берилган.
Экология вазирлиги фуқаролардан келиб тушган кўп сонли мурожаатлар асосида бирлашманинг Сирдарё вилояти бўлими фаолиятини ўрганганида эса ов хўжалигининг ов қилиш жойларини бериш тўғрисидаги шартномаси амал қилиш муддати 2022 йил 31 декабрда тугаган бўлса-да, хўжалик томонидан 2023 йил давомида 25 минг бош ҳайвонларни овлаш учун ноқонуний йўлланмалар сотилгани маълум бўлган.
Шунингдек, “Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида”ги қонуннинг 23-моддаси талабларига зид равишда 20 та ҳолатда мазкур хўжалик томонидан сотилган рухсатнома асосида овчилар томонидан тақиқланган муддатларда 49 та ёввойи қуш овланган.
Шундай қилиб, 2024 йилнинг I ва II чоракларида ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини бузиш билан боғлиқ 287 та ҳолатда 298 нафар шахсга нисбатан 957 млн сўмлик жарима белгиланган. Таққослаш учун, 2023 йилдаги назорат тадбирларида республика бўйича ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини бузиш билан боғлиқ жами 997 та ҳолат аниқланган ва 995 нафар шахсга нисбатан 1,7 млрд сўмлик чоралар кўрилган.
LiveБарчаси