Ўзбекистонда балиқ овлаш пулли бўладими?
Жамият
−
19:40 570 2 дақиқа
Ўзбекистонда умумий фойдаланишдаги сув ҳавзаларида 5 килограммача балиқни бепул овлаш имконияти бекор қилинмайди. Бу ҳақда Балиқчилик қўмитаси хабар берди.
Ижтимоий тармоқларда 5 кг гача балиқ овлаш ҳам пулли бўлиши ҳақида турли хабарлар тарқалганди. Қайд этилишича, амалдаги қонунчиликка кўра, умумий фойдаланишда бўлган сув ҳавзаларида тақиқланмаган қурол ва усуллардан фойдаланган ҳолда 5 килограммача балиқни бепул овлашга рухсат этилади. Ушбу тартиб ўзгармайди ва балиқ овлашнинг мазкур тури пулли қилинмайди.
Шу билан бирга, Президентнинг жорий йилнинг 2 июлдаги “Балиқчилик тармоғини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 122-сон Фармонининг 3-иловаси 4-бандида спорт-ҳаваскор балиқ овлаш ва экотуризм учун ташкил этилган хизматларни ягона тизимга жамлаш кўзда тутилган.
Унга кўра, спорт-ҳаваскор балиқ овлаш учун шароит яратган хўжаликлар ўз хизматларини ихтиёрий равишда ягона платформага жойлаштириши мумкин. Унда сув ҳавзасининг манзили, балиқ овлаш учун яратилган шароитлар, мавжуд хизматлар, бир кунлик балиқ овлаш нархи ҳамда бўш жойлар ва уларнинг бандлиги ҳақидаги маълумотлар кўрсатилади.
Ҳаваскор балиқ овловчилар “Fishermen ID” тизими орқали ўзига қулай ҳудудни танлаши, шароит ва нархлар билан танишиши ҳамда бўш жойларни олдиндан банд қилиши мумкин. Хизмат учун тўлов амалга оширилгач, электрон QR-кодли чек тақдим этилади.
Фуқаро ушбу чек асосида белгиланган куни бориб, хўжалик томонидан спорт-ҳаваскор балиқ овлаш ва экотуризм учун ташкил этилган шароитлардан фойдаланади. Балиқчилик қўмитаси мазкур тизим умумий фойдаланишдаги сув ҳавзаларида бепул балиқ овлаш имкониятини бекор қилмаслигини билдирган.
“Тизимнинг асосий мақсади – балиқ овлашни истаган фуқароларга спорт-ҳаваскор балиқ овлаш ва экотуризм учун яратилган мавжуд хизматлар, уларнинг жойлашуви, шароитлари, нархлари ва бўш жойлари ҳақида ягона платформа орқали қулай ва очиқ маълумот олиш имкониятини яратишдан иборат”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ жорий йил 1 августдан 2028 йил 1 январгача йўқолиб кетиш хавфи юқори бўлган айрим ёввойи ҳайвонларни овлашга тақиқ жорий этилиши ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси