Европанинг яна тўрт давлати Фаластинни тан олиши кутилмоқда
Олам
−
28 Май
10701Бельгия, Люксембург, Португалия ва Словения тез орада Фаластинни мустақил давлат сифатида тан олиши кутилмоқда. Бу ҳақда Фаластиннинг Россиядаги элчиси Абдул Ҳафиз Нофалга таяниб, ТАСС хабар берди.
"Биз яқин кунларда Словения қарор қабул қилишини кутяпмиз. Люксембург ҳам тез орада ўз қарорини эълон қилишини кутамиз. Бельгия ва Португалия ҳам шулар жумласидандир. Европаликлар нимадир нотўғри эканини тушуна бошлади. Нега Исроил айнан шундай қиляпти?”, дейди Абдул Ҳафиз Нофал.
Фаластин элчиси ҳатто америкалик талабалар ҳам Исроилни қоралай бошлаганини таъкидлади.
"Исроилнинг ичида ҳам жуда катта муаммо бор. Чунки, биласизми, урушнинг саккизинчи ойи ва Исроилни ҳеч ким тўхтата олмаяпти. Бу қандай тўғри бўлиши мумкин? 500 мингдан ортиқ исроиллик икки фуқароликка эга. Улар аллақачон мамлакатни тарк этган. Улар бу урушга ўрганмаган", деди Нофал.
Фаластин давлати ҳозирда БМТга аъзо 193 давлатдан 143 таси, шу жумладан Ўзбекистон томонидан суверен давлат сифатида тан олинган.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 28 май куни Норвегия, Ирландия ва Испаниянинг Фаластинни мустақил давлат сифатида тан олиши тўғрисидаги қарори кучга кирди.