Европа Украинага 50 минггача аскар юбориши мумкин – ОАВ
Олам
−
23 Январь
3360Франция Президенти Эммануэль Макрон Украинага Ғарб қўшинларини юбориш ғоясини биринчи бўлиб илгари сурганидан бир йил ўтмай Европа давлатлари бу масалани жиддий муҳокама қилишни бошлади. Аммо гап уруш тугаши эҳтимоли пайдо бўлгач, тинчликни таъминлаш учун 40-50 минг аскар юбориш ҳақида бормоқда. Бу Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг Давосда билдирган “камида 200 минг ҳарбий” талабидан анча кам. Бу ҳақда дипломатлар ва муҳокамаларда қатнашаётган манбаларга таяниб, “Financial Times” ва “Politico” хабар берди.
Манбаларга кўра, Европада қўшин юборишга тайёр бўлмаган давлатлар кўп бўлса-да, музокаралар жиддий олиб борилмоқда. Бу жараённи АҚШ Президенти Дональд Трампнинг ғалабаси тезлаштирди, чунки у урушни тезроқ тугатишни хоҳлаётганини билдирмоқда. Трамп кейинчалик хавфсизликни таъминлаш учун Америка қўшинларини ишлатишни истамаяпти. Аммо АҚШ логистика ва разведка йўналишида ёрдам бермаса, бундай миссияни амалга ошириш қийин бўлади.
Шунингдек, миссия НАТО операциясининг бир қисми бўлмаслиги керак, балки мустақил ташкил этилиши лозим. “Financial Times”нинг ёзишича, бу миссия 1999 йилдан Косовода “тинчликни сақлаш операцияси” билан шуғулланган ва серб кучлари билан тўқнашувларда талафот кўрган АҚШ бошчилигидаги KFOR гуруҳи операцияларига ўхшаш бўлиши мумкин. Бу НАТО ва Сербия ўртасида уруш дегани эмас эди. Шу каби ёндашув Украина ҳудудидаги кучлар учун ҳам қўлланиши мумкин.
Зеленский 24 январь куни Давосда Европадан хавфсизлик кафолатини таъминлаш учун камида 200 минг ҳарбий куч сўради. Аммо “Bloomberg”га берган интервьюсида у бундай миссияда америкаликларнинг ҳам иштироки зарурлигини таъкидлади.
“Баъзи европалик дўстларимиз бунинг мумкинлигига ишонишса ҳам, йўқ – бу мумкин эмас. АҚШсиз ҳеч ким бундай хавфга бормайди”, деди у.
Манбаларнинг айтишича, реалистик кўламда Украина 40-50 мингга яқин чет эл ҳарбийларини жалб қила олади. “Politico” хабарига кўра, ушбу миссия Европа давлатларининг 5-6 мамлакатидан иборат бўлади ва у Украина ва Россия қўшинлари ўртасида демаркация зонасини ҳимоя қилади.
“Миссия осон нишонга айланишдан сақланиши учун етарлича кучли ва НАТО миссияси сифатида кўринмаслиги учун мустақил бўлиши керак. НАТОнинг собиқ расмийси Камий Граннинг фикрича, бу кучлар асосан Британия, Франция, Нидерландия, Болтиқбўйи ва Шимолий Европа давлатларидан шакллантирилиши мумкин”, дейилади хабарда.
“Politico” маълумотига кўра, Макрон бу ғояни фаол илгари сурмоқда ва музокаралар Британия, Болтиқбўйи давлатлари, Шимолий Европа ҳамда Чехия билан давом этмоқда. Франциянинг юқори мартабали ҳарбий расмийларидан бири АҚШ Президенти Трампнинг “дастлабки 100 кун ичида дипломатик ютуқларга эришиш” истаги бу жараённи тезлаштириши мумкинлигини айтган.
Аммо экспертлар, жумладан, Лондоннинг Халқаро стратегик тадқиқотлар институти маслаҳатчиси Франсуа Хейсбур Европанинг ўзи келишувга эришиш бўйича жуда қийин жараённи бошдан кечиришини айтмоқда. Унинг фикрича, Европа давлатларини бир фикрга келтириш деярли Украина ва Россияни урушни тўхтатишга мажбурлашдек қийин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа Иттифоқи савдо бўйича комиссари Валдис Домбровскис ўзининг Х ижтимоий тармоғида 2025 йилда Европа Иттифоқи Украинага 35 миллиард евро миқдорида молиявий ёрдам кўрсатишини маълум қилганди. Украинага молиявий ёрдам EU G7 ERA ва Ukraine Facility кредит ташаббуслари орқали амалга оширилади. Украина Молия вазирлиги маълумотларига кўра, 2024 йилда Европа Иттифоқи Украинага энг йирик донор бўлган ва Ukraine Facility фонди орқали 16,6 миллиард евро миқдорида ёрдам кўрсатган.
LiveБарчаси