Украина мағлубияти НАТОни триллионлаб харажатларга олиб келади – Марк Рютте
Олам
−
17:05
2795Агар Украина Россия билан можарода мағлуб бўлса, альянс мудофаасини мустаҳкамлаш учун “қўшимча триллионлар” сарфлашга мажбур бўлади. Бу ҳақда кеча, 22 январь куни НАТО Бош котиби Марк Рютте Швейцариянинг Давос шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон иқтисодий форумида сўз очди.
Унинг таъкидлашича, бу нафақат Европа можароси, балки геосиёсий муаммо саналади.
“Агар Украина мағлуб бўлса, энди НАТОга миллиардлар эмас, қўшимча триллионлар керак бўлади. Агар Украина мағлуб бўлса, НАТОнинг тўхтатувчи кучини тиклаш ҳозиргидан анча қимматга тушади”, деган Рютте.
НАТО Бош котибига кўра, мудофаа харажатларини ҳали 2 фоизгача оширмаган иттифоқ давлатлари буни икки ой ичида амалга ошириши керак.
У, шунингдек, сулҳ ва Украинага кўпроқ қурол етказиб бериш ҳақида камроқ гапиришга, қолаверса, Россия қўйган шартлар бўйича ўт очишни тўхтатишга йўл қўймасликка чақирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марк Рютте Европа Иттифоқи давлатлари мудофаага кўпроқ маблағ сарфлаш учун ўз харажатларининг бир қисмини қайта кўриб чиқиши кераклигини айтганди. Унинг сўзларига кўра, агар мудофаа харажатлари кўпаймаса, европаликлар “рус тили курсларини ўрганиши ёки Янги Зеландияга боришлари” керак бўлади.