Путин урушнинг асосий мақсадларига эришилган деб ҳисоблайди – “Reuters”
Олам
−
14:48
5645Россия Президенти Владимир Путин Украинага босқиннинг асосий мақсадлари аллақачон амалга оширилган деб ҳисоблайди. Шу билан бирга, у иқтисодий вазиятнинг ёмонлашиши ва иқтисодиётдаги номутаносибликлардан хавотирда. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, “Reuters” хабар берди.
Нашрга кўра, 2024 йилда Россия армияси Украинада 2023 йилга нисбатан 5 баробар кўпроқ ҳудудни эгаллашга ва Украина ҳудудининг деярли 20 фоизини назорат қилишга муваффақ бўлган.
“Путин Россияни Қрим билан боғлайдиган қуруқлик йўлаги эгаллаб олинганидан мамнун”, дейди Кремль позицияси билан таниш манба.
Манбага кўра, Путин уруш оқибатида юзага келган иқтисодий муаммоларни, масалан, юқори фоиз ставкалари ҳарбий секторга алоқадор бўлмаган бизнес ва саноатга салбий таъсир қилаётганини тушунади.
Россия Иқтисодий ривожланиш вазирлиги 2024 йилнинг январь-ноябрь ойлари оралиғида Россия ЯИМи (ялпи ички маҳсулот) 4 фоизга ўсган, деб баҳолади. Бироқ Халқаро валюта жамғармаси прогнозларига кўра, 2025 йилда Россия иқтисодиёти инфляция, санкциялар, рекорд даражадаги ҳарбий харажатлар ва ишчи кучи танқислиги туфайли атиги 1,3 фоизгача ўсиши кутилмоқда.
“Reuters”га кўра, Россиянинг элита вакилларининг бир қисми урушни музокаралар йўли билан тўхтатишни афзал кўради. Манбаларнинг айтишича, Путин иқтисодиётдаги катта муаммоларни кўрмоқда. Хусусан, 2024 йилнинг 16 декабрь куни бизнес раҳбарлари билан учрашувда Путин иқтисодий қийинчиликлардан норозилгини билдирган. Кремль матбуот хизмати учрашув қатнашчилари рўйхатини ошкор этмаган ва фақат Путиннинг кириш сўзларини эълон қилган. Манбаларга кўра, Путин кредитлар нархи туфайли хусусий инвестицияларнинг қисқариши учун бизнес эгаларини танқид қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп ўзининг Украина ва Россия бўйича махсус вакили, истеъфодаги генерал Кит Келлогга Россиянинг Украинага қарши урушини 100 кун ичида тугатишни буюрган эди.