Европа сакцияларга қарамай Россияга рекорд даражада фойда келтиряпти

Олам

image

Газ нархининг кескин ошиши фонида Россия жорий йилда Европага газ етказиб бериш орқали рекорд даражадаги 100 миллиард доллар даромад олиши мумкин. Бу ҳақда Citi таҳлилчиларига таяниб, кузатувчи Винцент Колен “Les Echos” газетасидаги мақолада маълум қилган. 

Коленга кўра, Европа Иттифоқи аъзолари “санкциялар, баланд овоздаги баёнотлар ва эмбарго бўйича ваъдаларига” қарамай, ҳар куни “Газпром”га 200 миллион доллар жўнатади.

“Нархларнинг ошиши туфайли Россия бу йил Европага етказиб бериладиган газ учун 100 миллиард доллар олиши керак, бу ўтган йилги нархлардан деярли икки баравар кўп. Ва бу нефть, кўмир ва бошқа хомашёлардан олинган даромадларни ҳисобга олмаган ҳолда", дейилади мақолада.

Кузатувчининг фикрича, Россия “энергия жанги”нинг биринчи босқичида ғалаба қозонди, чунки Европа Иттифоқи газни бироз камроқ сотиб олишни бошлаган тақдирда ҳам нархларнинг сакраши етказиб бериш камайганини сездирмайди. 

“Эмбарго билан таҳдид қилиш, лекин ҳеч қандай чора кўрмаслик билан европаликлар тузоққа тушиб қолишди ва Владимир Путин ( Россия Президенти – таҳр.) бу вазиятда устунликни қўлга киритмоқда”, дейилади мақолада.

“Les Echos” кузатувчиси, шунингдек, “Газпром”нинг максимал даражадаги фойдалари “Шимолий оқим 2” газ қувури ҳаражатларини тўлиқ қоплаганини таъкидлаган. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 23 март куни Россия Президенти Владимир Путин ҳукумат ва Россия Федерацияси Марказий банкига Россия газининг Европа давлатларига етказиб берилиши учун тўловларни рублга ўтказиш бўйича топшириқ берди. Бунга Ғарб давлатларининг Украинадаги уруш ортидан Москвага қарши жорий қилган санкциялари сабаб бўлди.

Шундан сўнг, Германия канцлери Олаф Шольц ҳам Германия газни рублда сотиб олмаслигини эълон қилди. Унинг ортидан Франция Президенти Эммануэль Макрон ҳам рус газини рублдан сотиб олмаслигини айтди.

Россия Президенти Владимир Путин аввалроқ Вазирлар Маҳкамаси, Марказий банк ва “Газпром” компаниясига 31 мартгача Европа Иттифоқи мамлакатлари ва чеклов чораларини жорий қилган бошқа мамлакатларга газ етказиб бериш учун тўлов валютасини ўзгартириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишни топширган эди.

Шу ўринда айтиш жоизки, Россия газининг харидорлари ҳисоб-китобларни рублга ўтказиш бўйича турлича позицияни эгаллади. Германия канцлери Олаф Шольцнинг таъкидлашича, шартномаларда хорижий валюталар “асосан евро ва доллар” кўрсатилган. Германия Иқтисодиёт вазирлиги вакили Роберт Северин импорт қилувчилар шартномалар бажарилишини кафолатлашлари шартлигини таъкидлади. Италия бош вазири Марио Драги ҳисоб-китобларни рублга ўтказишни шартномаларнинг бузилиши деб атади.

Жорий йилнинг 31 март куни Путин "дўст бўлмаган" давлатларга газни рублда сотиш тартибини тасдиқлади. 

Шундан сўнг Европа Иттифоқига аъзо давлатларга Россияга қарши санкцияларни бузмаган ҳолда рус гази учун рублда тўлов қилишга рухсат берилди.

Жорий йилнинг 27 апрель куни Россиянинг "Газпром" компанияси Польша ва Болгарияга тўловни рублда амалга оширмагани учун газ етказиб беришни тўхтатиб қўйди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

576

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг