Европа пойтахтларида Ғазода урушни тўхтатишга чақирувчи намойишлар бўлиб ўтмоқда (видео)
Олам
−
28 Октябрь 2023
10381Бугун, 28 октябрь куни Европа пойтахтларида (баъзиларида ҳукумат тақиқлаганига қарамай) оммавий намойишлар бўлиб ўтмоқда. Унинг иштирокчилари Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва фаластинлик қочқинлар учун гуманитар йўлак очишни талаб қилмоқда. Бу ҳақда “Euronews” хабар берди.
Буюк Британия пойтахти Лондон марказида минглаб одамлар тўпланиб, Ғазо можаросини тинч йўл билан ҳал қилишни, ўт очишни тўхтатишни ва Фаластин халқини қўллаб-қувватлашни талаб қилган.
"Дарёдан денгизгача, Фаластин озод бўлади", деган шиорларни ҳайқирган йиғилганлар.
Полиция намойишда 100 мингга яқин одам иштирок этишини кутмоқда.
Манчестер ва Глазго каби Британиянинг бошқа шаҳарларида ҳам митинглар режалаштирилган.
Бундан ташқари, ҳукумат тақиқлаганига қарамай, фаластинликларни қўллаб-қувватловчи намойиш Франция пойтахти Парижда ҳам бўлиб ўтмоқда. Бир кун олдин буни суд тақиқлаган. У ўз қарорини "жамоат тартибини бузишнинг жиддий хавфи" мавжудлиги билан асослаган. Судда префектуранинг тақиқига қарши чиқишга уринган уюшмалар ҳукмни “сиёсий” деб атаган.
Бунга қарамай, бугун шаҳарнинг Чателет майдонида намойишчилар тўпланиб, Ғазода фаластинлик тинч аҳоли учун гуманитар коридор очишни талаб қилган.
Франциянинг Орлеан ва Монпеле маъмуриятлари эса митинглар ўтказишга рухсат берган.
Италия пойтахти Рим кўчалари қисқа вақт давомида бўш турган, холос. 27 октябрдаги намойишдан сўнг кечқурун тарқалиб кетган иштирокчилар эртаси куни қўлларида Фаластин байроқлари билан яна у ерга қайтган.
Айни пайтда Бош вазир Жоржия Мелони Италиянинг БМТ Бош Ассамблеясида Ғазо секторида ўт очишни тўхтатишга чақирувчи резолюцияга овоз беришда бетараф бўлиш қарори ҲАМАС ва Исроил ўртасидаги кескинлашувни тўхтатишга қаратилганини айтган.
"Бу барча мумкин бўлган позициялар ичида энг мувозанатлиси эди", деган Мелони.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 28 октябрь куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида ҳам Фаластинни қўлловчи митинг бўлиб ўтди. Унда мамлакат Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҳам қатнашди.