Европа Иттифоқи ўз ҳарбий кучларини яратишга қарор қилди

Олам

image

Кеча, 21 март куни Европа Иттифоқи инқироз ҳолатларида тезкор ҳаракат қилиш учун ўзининг ҳарбий салоҳиятини яратишга қарор қилди. Европа Иттифоқи бу кучлардан НАТО билан биргаликда ёки ушбу иттифоқдан алоҳида фойдаланади.

“Хавфсизлик соҳасида нисбатан душманлик кайфиятидаги муҳит биздан сифатли олдинга сакрашни, имкониятларимизни ва ҳаракатга тайёргарлигимизни мустаҳкамлашни, мудофаа саноатига янада кўпроқ ва яхшироқ инвестиция киритишимизни талаб қилади”, дейилади Европа Иттифоқи Кенгашининг душанба куни қабул қилинган “2030 йилгача Европа Иттифоқининг хавфсизлиги ва мудофаасини мустаҳкамлаш бўйича стратегик компас”га доир коммюникесида.

Ушбу ҳужжатнинг бандларидан бири Европа Иттифоқининг ўз жанговар салоҳиятини яратишни кўзда тутади.

Коммюникеда таъкидланишича, Европа Иттифоқи инқироз даврида ҳамкорлар билан бирга ёки ўзи тез ва қатъий ҳаракат қилиш учун:

•    ҳар хил турдаги инқирозларга шай бўлган 5000 тагача қўшиндан иборат кучли Евроиттифоқнинг тезкор жойлаштириш кучларини яратади;

•    30 кун ичида Умумий мудофаа ва хавфсизлик сиёсати (УМХС) операцияларини, шу жумладан оғир шароитларда, ўтказиш учун тўлиқ шайланган 200 та мутахассисни жойлаштиришга тайёр бўлади;

•    қуруқлик ва денгизда мунтазам ҳарбий машғулотлар ўтказади;

•    ҳарбий мобиллигини оширади;

•    Европа Иттифоқининг фуқаролик ва ҳарбий миссия ҳамда (Умумий хавфсизлик ва мудофаа сиёсати) операцияларини мустаҳкамлаш, қарорлар қабул қилиш жараёнини тезроқ ва мослашувчанроқ қилиш, ишончлироқ ҳаракат қилиш ва катта молиявий бирдамликни таъминлайди;

•    ҳамкорларни қўллаб-қувватлаш учун Европа тинчлик жамғармасидан тўлиқ фойдаланади.

Шу билан бирга, Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Жозеп Боррель душанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида бу ташаббусларнинг барчаси Европа армиясини яратиш дегани эмаслигини тушунтирди: ҳар бир Европа Иттифоқи давлати ўз қуролли кучларига эга бўлишда давом этади.

“Стратегик компас” хавфсизлик ва мудофаа сиёсатининг барча жиҳатларини қамраб олади ва тўртта “устун”: ҳаракат қилиш, сармоя киритиш, ҳамкорлик қилиш ва хавфсизликни таъминлаш атрофида қурилади.

Ҳужжат Европа Иттифоқининг 27 давлати Ташқи ишлар ва Мудофаа вазирларининг қўшма йиғилишида консенсус йўли билан қабул қилинган ва 24-25 март кунлари Европа Кенгашида давлат ва ҳукумат раҳбарлари томонидан тасдиқлаш учун тақдим этилган.

Аввалроқ Франция Президенти Эммануэдь Макрон Европа давлатларини эҳтимолий қуролли можарога тайёргарлик кўриш учун мудофаа саноатига сармоя киритишни оширишга чақирганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Европа Иттифоқи

Баҳолаганлар

205

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг