Европа Иттифоқи Украинага яна 50 миллиард евро ажратди
Олам
−
01 Февраль
4229Брюсселда бўлиб ўтган саммитда Европа Иттифоқига аъзо давлатлар раҳбарлари Украинага келаси тўрт йил учун 50 миллиард евро миқдорида узоқ муддатли бюджет ёрдами ажратишни маъқуллади. Бу Украина учун бюджет маблағларининг 2023 йил даражасига нисбатан 1,5 баробар қисқаришини англатади. Дастур маъқуллангани ҳақида Европа Кенгаши раҳбари Шарль Мишель Х ижтимоий тармоғида Европа Иттифоқининг фавқулодда саммити бошланганидан бир неча дақиқа ўтиб маълум қилди.
“Барча 27 етакчи Европа Иттифоқи бюджетидан Украинани қўллаб-қувватлаш пакети доирасида қўшимча 50 миллиард евро ажратишга келишиб олди”, дейди Мишель.
Агар бу маблағлар Киевга ўз вақтида тўланса, бу унинг Брюсселдан бюджет маблағлари 2023 йилга нисбатан 1,5 баробарга қисқарганини англатади. 2023 йил учун Европа Иттифоқи Киевга 18 миллиард евро ажратди, ойига 1,5 миллиард евро тўлади, тўрт йил давомида 50 миллиард евро ажратиш эса ойига 1,02 миллиард евро миқдоридаги тўловларни англатади.
Мишель ушбу молиялаштириш шартлари ва унинг манбаларига аниқлик киритмаган.
Шу билан бирга, “Reuters” ўз манбаларига таяниб, Брюссель 2023 йил декабрь ойида ушбу ёрдам пакетини блоклаган Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг асосий талабини бажаришга рози бўлганини хабар қилди. Киевга тўловлар автоматик тарзда амалга оширилмайди. Европа Иттифоқи раҳбарлари уларни ҳар йили қайта кўриб чиқишлари ва Киевнинг Брюсселнинг барча талабларига мувофиқлигини назорат қилишлари керак.