Европа Иттифоқи инсон ҳуқуқлари борасидаги санкцияларини Навальнийга бағишламоқчи

Олам

image

Европа Иттифоқининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича санкциялар механизми россиялик мухолифатчи Алексей Навальний номи билан аталади. Бу ҳақда бугун, 19 февраль куни Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель маълум қилди. 

Боррелга кўра, Навальний ўлимидан сўнг Европа Иттифоқи Кремлнинг россиялик мухолифлари билан бирдамлигини кўрсатиши керак. 

“Биз Россия мухолифатини қўллаб-қувватлаш сигналини юборишимиз керак”, деган Боррель.

Унинг сўзларига кўра, Навальнийнинг ўлими муносабати билан ЕИ ушбу фожиа учун жавобгар шахсларга ва воқеа юзасидан “энг катта масъулиятни ўз зиммасига олган” Россия Президенти Владимир Путиннинг ўзига нисбатан қўшимча санкциялар қўллаш имкониятларини қидиради.

Шу билан бирга, Европа дипломатияси раҳбари Украинани қўллаб-қувватлаш зарурлигини таъкидлади. 

“Иккала фронтда – сиёсий ва ҳарбий – биз Украина ва эркин яшашни истаган россияликларни қўллаб-қувватлашда давом этишимиз керак”, дея қўшимча қилди у.

Эслатиб ўтамиз, 16 февраль куни Ямал-Ненец автоном округи федерал жазони ижро этиш хизмати Харп қишлоғидаги 3-сонли “Қутб бўриси” қамоқхонасида Алексей Навальний вафот этгани ҳақида хабар берганди. Шу кундан бошлаб Россияда ва дунёнинг бошқа мамлакатларида россиялик мухолифатчини хотирлаш учун стихияли акциялар ўтказилмоқда. Навальнийнинг оиласи ва жамоаси, шунингдек, жаҳон сиёсатчилари ва оммавий ахборот воситалари унинг ўлимини қотиллик деб билмоқда ва бунинг учун Россия раҳбариятини айбламоқда.

Россия Федерациясида Навальний хотирасига бағишланган намойишнинг юзлаб иштирокчилари “милиция ходимларига бўйсунмаслик”, “жамоат тартибини бузган ҳолда оммавий тадбир уюштириш” ва бошқа “ҳуқуқбузарликлар” учун ҳибсга олинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Европа Иттифоқи санкция Алексей Навальний Жозеп Боррель

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг