Еврокомиссия раҳбари Россияга мурожаат билан чиқди
Олам
−
09 Сентябрь 2023
19813Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен жаҳон ғалла бозорини барқарорлаштириш мақсадида Украина дон маҳсулотлари учун денгиз йўлларини очиш зарур, деб ҳисоблайди ва Россия Федерациясини буни амалга оширишга чақиради. Бу ҳақда у бугун, 9 сентябрь куни Нью-Деҳлида бўлиб ўтган G20 саммитининг биринчи сессиясида сўз очди.
“Биз Россияни Украинадан келаётган донни Қора денгиз орқали жаҳон бозорига чиқаришга рухсат беришга чақирамиз. Биз донни қуруқлик орқали экспорт қилиш учун барча имкониятларни ишга соляпмиз. Лекин маҳсулот нархининг барқарорлашиши уни денгиз орқали ташишга ҳам боғлиқ”, дейди у.
Урсула фон дер Ляйеннинг сўзларига кўра, G20 етакчилари ғалла зарур бўлган жойда етиб боришини таъминлаш учун масъулият ва воситаларга эга.
Маълумот учун, дон шартномаси 2022 йил 22 июлда Истанбулда тузилган. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Россия, Туркия ва Украина иштирокида иккита ҳужжат – Украинанинг учта портидан (Черноморск, Одесса ва Южний) ғалла экспорти учун йўлак яратиш ҳамда Россия озиқ-овқат ва ўғитларини экспорт қилишдаги тўсиқларни бартараф этиш тўғрисида имзоланган. Ташаббус 2022 йилнинг ноябрида 120 кунга, кейин эса яна икки марта – икки ойга узайтирилган. Бироқ жорий йилнинг июль ойида Москва дон шартномасидан чиқди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 сентябрь куни Туркия Президенти Сочида Россия раҳбари Владимир Путин билан учрашиб, ғалла битимини қайта тиклаш масаласини муҳокама қилганди. Бироқ 3 соат давом этган музокаралардан сўнг, Владимир Путин Москва унга берилган ваъдалар бажарилган пайтдан бошлаб бир неча кун ичида дон битимига қайтишга тайёрлигини айтганди. Бугун 9 сентябрь куни эса Эрдўған G20 етакчиларини Россия талабларини бажаришга ва ғалла бўйича келишувни тиклашга чақирди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь