Етарлича шароитлар яратиб берилди, барча айб ўзимизда — Давлат Бобонов

Спорт

image

Бугун, 19 август куни Токио-2020 Олимпиадаси якунлари ва сарҳисобига бағишланган матбуот анжуманида дзюдо бўйича бронза медали совриндори Давлат Бобонов QALAMPIR.UZ  мухбирининг қуйидаги саволига жавоб берди:

“Бокс спортида бўлгани каби энг кўп медаль ўзбекистонлик дзюдочилардан ҳам кутилган эди. Лекин аксарият спортчилар, биринчи ва иккинчи босқичда мағлуб бўлди. Сиз улар билан бирга эдингиз, ушбу мағлубиятларни нима билан изоҳлайсиз?”

“Савол учун раҳмат. Тўғри, биз Олимпиада олдидан Япониянинг Маизуру шаҳрида дзюдо федерацияси раиси Азиз Ёқубжонович билан биргаликда ўқув-машғулот йиғини ўтказдик. Ҳақиқатан ҳам, дзюдочиларимизнинг жисмоний ҳолатини инобатга олиб, кўпроқ медаль кутган эдик. Олимпиада умуман бошқа даражадаги мусобақа экан. Йигитларнинг барчаси Олимпия ўйинларида илк марта иштирок этди. 

Спортчилар медаль қўлга киритишни ҳаммадан кўпроқ истайди. Ҳар қадамда Олимпиада медали ҳақида ўйладик ва масъулиятни ҳис қилиб турган эдик. Агар сал енгилроқ қараганимизда, балки медалларнинг сони ва сифати ҳам бундан-да яхшироқ бўлиши мумкин эди. Чорак финалда грузиялик Лаша Бекаурига мағлуб бўлдим, лекин уни Германиядаги “Катта дубулға” турнирида бир неча сония ичида мағлуб этгандим. Рақибимнинг либосини ушлаган пайтда унинг ҳавотири сезилиб турган эди. Ғалабага ишончим янада ортди. Ҳакамлар эса, менга ғирром баҳосини беришди. Уларнинг қарорини муҳокама қилмоқчи эмасман. Чунки етарлича шароитлар яратиб берилди, барча айб эса ўзимизда”, дейди Давлат Бобонов.

Маълумот учун, 2020 йилнинг энг яхши спортчиси Давлат Бобонов Токио Олимпиадасида -90 кг вазн тоифасида туркиялик Михаэл Зганкни “иппон” баҳоси эвазига мағлуб этиб, бронза медалга сазовор бўлган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

МОҚ Дзюдо Токио-2020 Давлат Бобонов

Баҳолаганлар

268

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг