Ереван Бакуга уруш пайтида йўқолганларни топиш учун ҳамкорлик таклиф қилди
Олам
−
27 Январь
4411Ереван бедарак йўқолганлар тақдирини аниқлашда Озарбайжон билан ҳамкорлик қилишга тайёр. Бу ҳақда Арманистон асирлар, бедарак йўқолган ва гаровга олинган фуқаролар бўйича давлат комиссияси баёнотида маълум қилинди.
“Арманистон Озарбайжон билан бедарак йўқолганлар тақдирини аниқлашда, жумладан, юқори даражада ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдиради”, дейилади баёнотда.
Қайд этилишича, Арманистон 2020 йилда бўлиб ўтган 44 кунлик урушда ҳалок бўлган 51 нафар Озарбайжон аскарларининг жасадлари, шунингдек, 90-йилларда ҳалок бўлган 50 га яқин киши кўмилган жой тўғрисидаги топографик материалларни Озарбайжон ҳукуматига топширган. Шунингдек, 90-йилларда Тоғли Қорабоғ вакилларидан олинган 140 нафар озарбайжонликларнинг суяклари Озарбайжонга юборилган.
Маълумот учун, Озарбайжон асирлар, бедарак йўқолганлар ва гаровга олинган фуқаролар ишлари бўйича давлат комиссиясининг 1-Қорабоғ урушида бедарак йўқолганлар рўйхатида 3890 нафар шахснинг номи мавжуд. Улардан 3171 нафари ҳарбий, 719 нафари тинч аҳоли вакилларидир. Тинч аҳоли орасидан 71 нафарини вояга етмаганлар, 267 нафарини аёллар ташкил қилади.
Озарбайжоннинг озод қилинган ҳудудларида 10 та оммавий қабрлар топилган бўлиб, айни пайтда 15 кишининг шахси аниқланган.
Арманистон ҳукумати берган маълумотга кўра, можаролар бошланганидан бери Арманистоннинг 993 нафар фуқароси бедарак йўқолган.
Бир муддат аввал Озарбайжон Арманистон томони билан бедарак йўқолганларни қидириш бўйича қўшма механизм яратишга тайёрлигини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг 7 декабрь куни Озарбайжон Республикаси Президенти Администрацияси ва Арманистон Республикаси Бош вазири девони тинчлик шартномаси тузилиши ҳақида қўшма баёнот билан чиққан ва Озарбайжон тарафидан 32 нафар арман ҳарбий хизматчиси, Арманистон тарафидан 2 нафар озарбайжонлик ҳарбий хизматчи озод қилинган эди.
LiveБарчаси