Ёнилғи тақчиллиги сабаб Молдовада фавқулодда ҳолат эълон қилинди
Олам
−
28 июл 2268 2 дақиқа
Украинанинг Россиядаги Новороссийск портига қилган ҳужумлари ва Дунайдаги сув сатҳининг пасайиши Молдовада ёнилғи таъминотига таъсир қилди. Мамлакатда дизель тақчиллиги юзага келиб, ҳукумат фавқулодда чора кўришга мажбур бўлди. Бу ҳақда бугун, 28 июль куни Молдова Бош вазири Василе Тофан ҳукумат йиғилишида маълум қилди.
“Мен энергетика соҳасида 30 кун муддатга миллий фавқулодда ҳолат эълон қилишни таклиф қиламан”, деган Молдова Бош вазири Василе Тофан.
Фавқулодда ҳолат даврида Энергетика вазирлиги инқирозли вазиятларни бошқариш бўйича масъул орган этиб белгиланади. Вазирлик бошқа давлат идоралари билан ҳамкорликда юзага келган муаммони ҳал қилиш чораларини кўради.
Тофаннинг айтишича, таъминот занжирида бир қатор инқирозлар юзага келган. Бу, айниқса, дизель ёнилғиси соҳасида мураккаб вазиятга олиб келган. Бунга Новороссийскдаги бир нечта терминалларнинг зарарлангани сабаб бўлган.
Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон нефть экспортининг қарийб 80 фоизи Новороссийск орқали ўтади. Қозоғистон нефти эса Руминиядаги Petromidia нефтни қайта ишлаш заводи учун асосий хомашё манбаларидан бири бўлиб, ушбу завод минтақадаги йирик дизель ёнилғиси ишлаб чиқарувчилардан ҳисобланади.
Бундан ташқари, Молдова Дунай дарёси орқали катта ҳажмда дизель ёнилғиси импорт қилади. Бироқ дарёда сув сатҳи пасайгани сабаб айрим кемалар ёнилғини мамлакатга белгиланган муддатда етказиб бера олмаган.
Аввалроқ, “Фермерлар кучи” уюшмаси Молдовада ёнилғи тақчиллиги бир ҳафтага яқин давом этаётгани ва бу ҳолат ҳосил йиғим-терими жараёнларига таъсир қилиши мумкинлигини билдирган.
Ҳукумат маълумотларига кўра, мамлакатдаги ёнилғи қуйиш шохобчаларининг қарийб 10 фоизида дизель ёнилғиси тугаган. Шу билан бирга, оддий автомобиллар учун хизмат кўрсатувчи шохобчаларда вазият барқарор экани, навбатлар кузатилмаётгани айтилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 19 июль куни дронлар Новороссийск яқинидаги КҚК денгиз терминали ва иккита танкерга ҳужум қилди. Консорциум содир бўлган воқеани “террорчилик ҳужуми” деб атади ва бу унинг объектларига қилинган бешинчи ҳужум эканини маълум қилди. КҚК Қозоғистоннинг Тенгиз, Қашаған ва Қарачағанақ конларидан нефть ташийди. 2025 йилда терминал орқали тахминан 70,5 млн тонна нефть ўтказилган. КҚК қувури орқали дунё нефтининг деярли 2 фоизи экспорт қилинади.
Live
Барчаси